Бельгия ОАВ: Регистон меъморий мажмуаси ўзбек халқининг қанчалик ижодкор ва меҳнаткашлиги ифодасидир

Француз тилидаги Бельгия радио ва телевидениесининг (RTBF) "Un monde a part" дастури бош муҳаррири Франсуа Мазур ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ўзбекистон шаҳарларига бағишланган видеолавҳаларни жойлаштирди.

Видеоролик бошида муаллиф Ўзбекистонга илгари ҳеч қачон ташриф буюрмаганини таъкидлайди. "Бу мамлакат Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, маданий ва тарихий мероси инкор этиб бўлмайдиган даражада бой. Айтишим мумкинки, бу мен ташриф буюрган энг ажойиб мамлакатлардан биридир", – деган бош муҳаррир.

Франсуа Мазур таъкидига кўра, мамлакатимиз ҳудудида қадимий Ипак йўлининг афсонавий шаҳарлари жойлашган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби қадим шаҳарлар цивилизациялар, буюк империялар маркази бўлгани урғулаган. Ўзбекистон маданияти, тили, меъморчилигида рус, турк, форс, араб ва мўғуллар таъсирини сезиш мумкин.

"Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби шаҳарларда ҳалигача ўз улуғворлигини сақлаб келаётган тарихий биноларни кўриб ҳайратда қолдим. Бу тарихий иншоотлар ўтмишда минтақанинг гуллаб-яшнаганидан далолат бермоқда. Бу биноларнинг баъзилари кенг қамровли реставрациядан ўтганига қарамай, ўзининг кўркамлиги билан мени маҳлиё этди. Самарқандда ранг-баранг мозаикалар билан безатилган учта мадрасадан иборат Регистон меъморий мажмуаси ўзбек халқининг қанчалик ижодкор ва меҳнаткашлиги ифодасидир", – деб таъкидлаган журналист.

"Un monde a part" дастури бош муҳаррирининг маълумотига кўра, Бухородаги Калон минораси қарийб 900 йил давомида деярли ўзгармаган. У бир вақтлар Марказий Осиёдаги энг баланд иншоот бўлган.

RTBF – Бельгия француз ҳамжамиятининг давлат телерадиокомпанияси саналади. Бош қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган. Телерадиокомпаниянинг Шарлеруа, Льеж, Монс, Намюр ва Либрамонда минтақавий офислари бор, деб хабар бермоқда (https://dunyo.info/uzk/mir-ob-uzbekistane/na-socialnyh-platformah-belgii-predstavlen-videomaterial-posvyaschennyy-kulture-i-istorii-uzbekistanahttps://dunyo.info/uzk/mir-ob-uzbekistane/na-socialnyh-platformah-belgii-predstavlen-videomaterial-posvyaschennyy-kulture-i-istorii-uzbekistana) "Дунё АА.