Беморларнинг ҳар бири учун давлат томонидан 5 мингдан 12 минг АҚШ долларигача маблағ сарфланади
Илгари 2,5 ой давомида аниқланган таҳлил натижалари учун бугун бор-йўғи икки соат вақт ажратилмоқда. Баъзи фарзандлар эса ушбу хасталикка чалинган ота-онасини кўришга келмаслиги ҳам бор гап экан. Вилоятда бу хасталик билан ҳисобда турувчилар сони йилдан-йилга камаймоқда. Умуман, ушбу диспансерга боришдан олдин ҳар бири киши бир тўхтаб олади, касаллик менга ҳам юқмасмикан?
Мен эса ҳамроҳлик қилаётган шифокорга шу савол билан юзландим: «Доим шу қўрқув билан яшайсизларми? Бу ишлашга ҳалақит бермайдими, умуман, ушбу шифохонада ишлаш учун шифокор қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?» «Бизларни «Яратганни ўзи асрасин» деган вакцинамиз бор ахир!», дея ярим ҳазил, ярим чин оҳангда жавоб берди шифокор. Диспансерга кириб, взиятни ўрганар эканмиз, шифокорларнинг беморлар билан ака-укадай, опа-сингилдай бўлиб кетганини уларнинг муносабатидан ҳам билдик. Кези келганда уларни ҳимояловчи респиратор, баъзида ҳатто бу каби воситаларисиз ҳам бемалол гаплашиб, ҳол-аҳвол сўраб кетаётган шифокорларни кузатарканмиз, бу соҳанинг мураккабликлари нечоғлик эканини оз бўлса-да, тасаввур қилдик.
- Тиббиётнинг ҳар қандай соҳасида бўлгани каби бу масканда ҳам шифокорлар аввало ўз ишини яхши кўриши керак, - дейди вилоят силга қарши курашиш диспансери бош шифокори ўринбосари Қаландар Қўйлиев. – Ходимларимиз барча замонавий талабларга жавоб берувчи респиратор, яъни ҳимоя воситалари билан таъминланган. Уларнинг маошига қўшимча устамалар белгиланган. Диспансерда 66 нафар врач, 300 нафардан зиёд ўрта ва кичик тиббий ходимлар фаолият кўрсатади.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, сил хасталиги ижтимоий касаллик сифатида доимо давлат эътиборида эканлиги кўпчиликка маълум. Йилдан-йилга бу эътибор кучайиб, беморлар сони ҳам камайиб бормоқда. 2017 йилдан ҳозирги пайтга қадар фтизиатрия хизмати фаолиятини сифат ва самарадорлигини яхшилаш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, USAID, PROJEKT HOPE каби қатор ташкилотлар ҳомийлигида, вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ёрдами билан диспансерга 15 га яқин чет эл килиникаларининг етакчи мутахассислари ташриф буюрди. Ташриф давомида жарроҳлик амалиётлари, ўқув семинарлар ўтказилди. 2012 йилда Германиянинг KFW банки томонидан молияштирилган маблағ асосида замонавий бактериологик лаборатория ишга тушди. Лаборатория энг янги замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, нафақат вилоят, балки қўшни Жиззах, Сирдарё вилоятлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.
Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб республикада биринчилар қаторида силга қарши антибактериал дори воситалари билан қисқа муддатли анъанавий усулдаги 18-24 ой ўрнига 9 ойлик инновацион даволаш курслари татбиқ этилди. Ушбу даволаш курслари USAID ҳамда қатор халқаро, шунингдек, маҳаллий вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида йўлга қўйилди.
2019 йил давомида 106 нафар беморга қисқа муддатли даволаш курслари татбиқ этилиши натижасида 78 нафар беморларда даволаш самарадорлиги яхши натижа билан яунланди. Қолган беморларда даволаш тартиби якунланиб, самарадорлик таҳлиллари олиб борилмоқда.
Дарвоқе, диспансер қошида 2015 йилдан бошлаб сил касаллигига чалинган бемор болаларни даволаш даврида узлуксиз таълим бериш учун 60 қатновли «Йўлдош» мактаби ҳам соғлиқни сақлаш тизими таркибида олиб борилмоқда. Шунингдек, USAID билан ҳамкорликда ташкил этилган дастур асосида силга қарши антибактериал дори воситалари электрон назорат тизими амалда қўлланилиб, сил касаллигига чалинган беморларга нисбатан дори воситаларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва мақсадли ишлатилишда самарали натижасини бермоқда. Президентимиз қарори, тегишли ҳукумат ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида жойларда касаликни эрта босқичда аниқлаш ишлари олиб борилди. Натижада касалликни эрта аниқлаш кўрсаткичи аввалги йилларга қараганда 15,2 фоизга ошган.
- Илгари биз тайинлаган даво муолажаси дарҳол таъсир қилиш-қилмаслиги тусмол қилинарди, сабаби, беморда касаллик аниқланганда унга қайси муолажани амалга ошириш лозимлигини аниқлашга икки ярим ой вақт кетарди, - дейди диспансер бўлим мудири Абдували Ашуров. – Ҳозир бунинг учун 2 соат вақт сарфланмоқда, холос. Шунинг учун ҳам касаллик аниқлангандан дарҳол тўғри муолажа олиб борилиб, касалликка чалиниш ҳолатлари камайишига эришилмоқда. Аммо аҳоли орасида ҳамон ушбу хасталик суяк суради, қабилидаги гаплар бор. Шунинг учун унга чалинган баъзи беморлар диспансерда даволанишни истамайди, уни қариндош-уруғларидан яширишга интилади. Ваҳоланки, касаллик суяк сурмайди, юқумли, холос. Уни аниқлангандан диспансерга ётқиши, уйдагиларни ҳам албатта унга текшириш шарт. Баъзилар эса ҳатто ота-онасини ҳам узоқ муддат шифохонага кўришга келмайди, касалликдан ор қилади. Ваҳоланки, ҳимоя воситалари бемор билан кўришиш, гаплашиш учун касаллик юқтирмаслиги учун етарлидир.
Шифохона ходимларининг айтишларига қараганда, ушбу масканда ишлаётган ҳар бир тиббиёт ходими масъулияти билан ажралиб туради, акс ҳолда бу масканда иш бошламасди. Узоқ йиллардан бери ишлаб келаётан шифокорлардан Қ.Қодиров, Б.Мийлиев, Қ.Рашидов, Г.Кулиева, Г.Суюнова, М.Қосимова, З.Йўлдошевлардан эса беморлар доим миннатдор экан.
Гулруҳ МЎМИНОВА.
Бахтиёр МУСТАНОВ (видео, фото).