Шимолий Кореяда 350 000 кишида "номаълум безгак" тарқалди

Апрель ойи охирида КХДРда қайд этилган “номаълум безгак” эпидемияси 350 минг кишида аниқланди, 162 минг киши аллақачон даволаниб чиқди, деб ёзади Ренхап Шимолий Корея ОАВларига таяниб.

Аввалроқ КХДРда 12 май куни COVID-19 билан касалланган 18 мингдан ортиқ бемор аниқлангани, улардан олти нафари вафот этгани хабар қилинганди. Кейинроқ баёнотларда бу рақамлар иситма ёки безгак билан боғлиқ экани ҳам айтилди.

“Фақат 12 май куни бутун мамлакат бўйлаб 18 минг кишида иситма аниқланган бўлиб, шу вақтга келиб 187 минг киши карантинга олинган ва даволанмоқда”, дейилади Корея марказий ахборот агентлиги баёнотида.

Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин КХДРда коронавирус туфайли фавқулодда вазият юзага келганини айтиб, ҳукуматига касаллик тарқалишини тўхтатиш учун мукаммал ишлашни тайинлаган, хусусан, мамлакат уезд ва шаҳарларини тўсиб қўйишни буюрган эди.

Маълумот учун: 2020 йил январь ойидан бошлаб, коронавирус сабабли КХДР чегаралари хорижликлар ва ўз фуқаролари учун бутунлай ёпиқ.