2022 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 205 миллиард сўм ажратилди, бу 2017 йилда ажратилган маблағдан 10 баравар кўп

Самарқанд шаҳрида “Иммунизация масалаларини тарғиб қилишда ОАВ вакилларининг иштироки” мавзусида семинар ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Санэпидқўмита”нинг ҳудудий бошқармалари ахборот хизматлари ходимлари, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритаётган ОАВ вакиллари иштирок этди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ЮНИCЕФ ҳамкорлигида ўтказилган семинарда бугунги кунда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, жамоат саломатлигини муҳофаза қилишда иммунизация масалаларини кенг жамоатчиликка етказишда амалга оширилиши зарур бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб Санитария-эпидемиология қўмитаси вакциналар логистикаси ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Цици Сингизи семинарнинг мақсади ва вазифалари ҳақида маълумот берди.

- Бугунги кунда эпидемик вазият барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти вакцинация, - дейди Ц.Сингизи. – Шу боис, дунё миқёсида эпидемиологик касалликларга қарши курашда иммунизация масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўйлайманки, ОАВ вакиллари билан ҳамкорлик Ўзбекистондаги вакцинация жараёнини янада жадал суръатларда ташкил этилишига хизмат қилади.

- Қўмитамиз томонидан аҳолининг эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти, - дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова. - Ўтказилган профилактик, эпидемияга қарши ҳамда мақсадли эмлаш тадбирлар натижасида кейинги 5 йилда айрим касалликлар тугатилди, кўплаб касалликлар динамикасида кескин пасайиш кузатилди.

2022 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 205 миллиард сўм ажратилди, бу 2017 йилда ажратилган маблағларга нисбатан 10 баравар кўп ва эмлаш қамрови 98 фоизга етказилиб, эмлаш календарига 4 турдаги янги вакцина киритилди. Натижада 2017 йилда қизамиқ ва қизилча касаллиги, 2018 йилда безгак касаллиги тугатилганлиги тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификатлари олинди, ўлат, вабо, шол, дифтерия, қоқшол касалликлари умуман қайд этилмади.

2022 йил якунига келиб 2018 йилга нисбатан бруцеллёз 30 фоизга, вирусли гепатитнинг “В” тури 96,4 фоизга, вирусли гепатитнинг “С” тури 89,9 фоизга, ОИВ инфекцияси 4,2 фоизга камайди. Сўнгги бир йил давомида Европа ва Жаҳон савдо ташкилотлари ва халқаро талаблардан келиб чиқиб, таълим, қурилиш, озиқ-овқат ва бошқа соҳалар бўйича 37 та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинди ва халқаро андозаларга мослаштирилди. Соҳа ривожи учун ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида 243,4 млн. долларлик 5 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Семинарда мамлакатимизда йўлга қўйилган 16 ёшгача бўлган болаларда бепул мажбурий амалга оширилаётган эмлаш босқичлари, уларнинг амалга ошириш давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фазлиддин Рўзибоев.