“Беш ташаббус олимпиадаси”: Пахтачи тумани республикада энг яхши натижага қандай эришди?
Олимпиаданинг 2023 йил биринчи ва иккинчи мавсумларида самарқандлик ёшлар 21 та олтин, 13 та кумуш ва 19 та бронза медалини қўлга киритиб, республикада пешқадам бўлди.
Шунингдек, 208 та туман (шаҳар) орасида энг яхши натижа қайд этган Пахтачи тумани ҳам республикада биринчи ўринни эгаллади. Тумандаги 7 та маҳалла ёшлари мусобақаларнинг республика босқичида 6 та олтин ва 2 та кумуш медаль билан 22 балл тўплади.
Хўш, туман ёшлари бу натижага қандай эришди?
- Пахтачида 150 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди ва унинг 60 фоизини (73 минг 587 нафарини) ёшлар ташкил этади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари А.Қўлдошев. - Туманда 6 та стадион, 56 та спорт зал, 46 та футбол, 13 та сунъий қопламали мини футбол, 49 та гандбол, 54 тадан баскетбол ва волейбол, тўрттадан стритбол ва бадминтон майдончалари, 3 та фитнес зали ҳамда 1 та шахмат майдончаси бор.
Туманда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида 17,8 километр саломатлик, 8,8 километр велосипед йўлаклари қурилди, 42 та воркаут, шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси”да ғолиб бўлган ёшларнинг маҳаллаларида тўртта универсал ва битта стрет воркаут майдончалари ташкил этилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил биринчи ва иккинчи мавсумларида 11 та спорт, 2 та санъат, 1 та киберспорт, 5 та касб-ҳунар йўналишидаги мусобақа ва танловларда 30 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Туманда амалга оширилган ишлар ва яратилган шариоитлар натижасида ёшларимиз 6 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритиб, республикада биринчи ўринни эгаллади.
Мазкур олимпиада ногиронлиги бўлган ёшлар учун ҳам имкониятлар эшигини очмоқда. Туманнинг Амиробод маҳалласида яшовчи Асалой Қўлдошева 16-21 ёш тоифасида паралимпиада бўйича ўтказилган енгил атлетика мусобақасининг республика босқичида ғолиб бўлди ва маҳалласига универсал спорт майдончаси қуриб берилди.
- Ёшим 20 да, икки йилдан бери Хуршида Давронова қўл остида енгил атлетиканинг ядро улоқтириш тури билан шуғулланяпман, - дейди Асалой. – Ўтган йил маҳалламиздаги ёшлар етакчиси таклифи билан илк бор “Беш ташаббус паралимпиадаси”да қатнашдим. Турнир ўзимни кўрсатиш учун зўр имконият бўлди. Мусобақанинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритдим ва маҳалламизга универсал спорт майдончаси қуриб берилди. Тўғриси, олдин маҳалламизда шуғулланиш учун имконият йўқ эди. Мусобақаларда иштирок этиш ва спорт тўгаракларига бориш учун қўшни қишлоқларга, тумандаги спорт мактабларига ёки Навоий шаҳридаги спорт иншоотларига борардик.
- Маҳалламизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 430 нафарни ташкил этади, - дейди Урганжи маҳалласи ёшлар етакчиси Фотима Баротова. – Маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида кутубхона, спорт тўгараклари, хориж тили курслари ташкил этилган ва ёшларимиз бундан унумли фойдаланмоқда. Жумладан, 2023 йил биз учун жуда омадли келди. 16-21 ёш тоифасида маҳалламиз қизлари “Беш ташаббус олимпиадаси” стритбол мусобақасининг республика босқичида ғолибликни эгаллади ва маҳалламизда спорт майдончаси бунёд этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасида ғолиб бўлдик ва кутубхонамизга ўзбек тилига таржима қилинган жаҳонда машҳур мингта китоб олиб берилди. Шунингдек, ёш спортчимиз Оғабек Отабеков маҳаллада оғир атлетика тўгарагини ташкил этиб, ёшларни халқаро мусобақаларга олиб чиқди.
Юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши ва истеъдодини намойиш этиши учун барча имкониятлар яратилган. Бу ислоҳотлар давоми сифатида 2024 йил - Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилингани ёшлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очади.
Фазлиддин Рўзибоев.