"Беш ташаббус олимпиадаси": Самарқандда стритбол бўйича республика мусобақасига старт берилди

Маҳалла ёшлари ўртасида жорий йилги "Беш ташаббус олимпиадаси" мусобақалари 4 апрелда бошланган эди. Ҳозирга қадар спорт, маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари ва касблар танлови бўйича 19 йўналишда 393 минг 134 нафар самарқандлик ёшлар мусобақаларнинг маҳалла, сектор, туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида беллашиб, 309 нафари республика йўлланмасини қўлга киритди.

Самарқанд шаҳридаги енгил атлетика ва ўйин турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг эркаклар ўртасида стритбол бўйича “А” лига баҳслари бошланди.

Мусобақада республикамизнинг 14 ҳудудидан келган 210 нафар қатнашчи учта (16-21, 22-26, 27-30) ёш тоифасида қатнашмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги масъул ходими Даврон Шамсиддинов иштирок этиб, мазкур олимпиада маҳалла ёшлари ўртасида оммалашиб бораётгани ва иқтидорли ёшларнинг қобилиятларини намоён этишида катта имконият яратаётганини таъкидлади.

Шундан сўнг уч ёш тоифасида баҳслар бошланди.

Мусобақада ҳар бир жамоада 5 нафардан иштирокчи ғолиблик учун беллашмоқда.

Баҳслар 15 июнь куни якунланади.