“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи босқичида нималар ўзгарди?
Аввал айтилганидек, апрель-июнь ойларида “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари вилоятимизнинг 7-30 ёшгача бўлган 975 минг 589 нафар ёшлари 13 йўналишда иштирок этиб, республика бўйича умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритганди.
Ушбу мусобақанинг иккинчи мавсуми сентябрь-декабрь ойларида ўтказилиши белгиланган.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми учун ишлаб чиқилган низомга мувофиқ, танлов ва мусобақаларга қатнашиш учун аризалар топшириш жорий йилнинг 1 июлидан 9 сентябрига қадар давом этиши белгиланган бўлиб, бугунга қадар вилоят бўйича 334 минг 305 нафар ёшлар рўйхатдан ўтди.
Бу ҳақда вилоят матбуот уйида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Ҳ.Тўхтаевга кўра, ариза топширганлар орасида энг кўп Ургут туманида истиқомат қилувчи 37 минг 338 нафар (ўртача ҳар бир маҳалладан 311 нафардан) ёшлар рўйхатдан ўтган. Энг паст кўрсаткич эса Қўшработ туманида бўлиб, 11 минг 455 нафарни (ўртача 254 нафардан) ташкил этмоқда.
Олимпмаданинг иккинчи босқичи доирасидаги мусобақалар 10 сентябрдан бошланади ва ёшлар маданият, санъат, спорт, китобхонлик, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича 14 та танлов ва мусобақаларда иштирок этади.
Ушбу мавсумда мусобақаларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, “Миллий кураш” мусобақаси, “Ёшлар рақс фестивали”, “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” танловлари қўшимча равишда киритилди. Спортнинг волейбол тури бўйича мусобақада 27-30 ёшлилар иштироки олиб ташланди. Стол тенниси, стретворкоут мусобақалари жамоавий эмас, якка тартибда ўтказиладиган бўлди.
Мазкур танлов ва мусобақаларнинг маҳалла босқичи 10-30 сентябрь кунлари, сектор босқичи 2-21 октябрь кунлари, туман (шаҳар) босқичи 20 октябрь-4 ноябрь кунлари ҳамда ҳудудий босқичи 7-25 ноябрь кунлари ташкил этилиши режалаштирилган.