“Бешқарсак” Қўқонда Ургут каштаси, савати, қамчиси ва лалиси ҳақида термалар ижро этди
Қўқонда ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида вилоятимиз ҳунармандлари ўзининг маҳсулотлари билан иштирок этаётган бўлса, фольклор-этнографик жамоалар ва истеъдодли санъаткорларимиз қадим анъаналаримизни ўзида акс эттирган куй-қўшиқлар билан томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
- Фестивалда Ургутнинг “Бешқарсак” фольклор-этнографик жамоаси учун ҳунармандчилик масҳулотлари пайдо бўлиши ва улардан рўзғорда фойдаланиш ҳақида сўзловчи махсус дастур тузилди, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев. – Унда Ургут каштаси, саватсоз, қамчисоз, лали каби буюмлар ҳақида термалар ҳамда ҳуштак, чанқовуз, ҳожи там-там, қошиқ каби оҳанглар бадиий жамоанинг истеъдодли, ҳаваскор ижодкорлари томонидан намойиш этилмоқда. Шунингдек, дастурдан Самарқанд, Ургут бозори ҳақида ҳам термалар жой олган. Асосий мақсадимиз фестиваль иштирокчиларига Самарқанднинг қадим анъана ва қадриятлари, миллий ҳунармандчилигини намойиш этиш.
Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан тарихий сиймоларимиз гавдалантирилди. Жумладан меҳмонларга Амир Темур ва Бибихонимнинг ҳунармандчиликни ривожлантириш, бозорларда ҳунармандчилик маҳсулотларининг сотилиши, уларга бошқа давлатларнинг қизиқиши тасвирланган саҳна томошалари фестиваль меҳмонларига ҳавола этилди.