Библиография ахборот-кутубхона маркази учун нега керак?

Бугун китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва китобхонлар учун етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида замонавий кутубхоналар барпо этилмоқда. Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази мана шундай кутубхоналар сирасига киради.

Мазкур кутубхонада бир кунда 500 га яқин китобхон ва тадқиқотчилар ўз билимларини бойитиб, кутубхона хизматларидан фойдаланади. Кутубхона фойдаланувчилари учун янги адабиётлар шарҳларини ўтказади, муҳим саналарга бағишлаб тақвимлар, кўрсаткич ва қўлланмалар тайёрлаб беради ҳамда газета ва журналларда чоп этилган долзарб мавзудаги мақолалар картотекасини тайёрлаб китобхонларга тақдим этади. Ахборот кутубхона муассасасида фойдаланувчилар маълумотларни библиография хизмати ёрдамида топади. Шунинг учун у АКМнинг юраги ҳисобланади.

Библиография – матбуот ҳамда ёзув асарлари ҳақида ахборот тайёрлаш уларни маълум ижтимоий мақсадларда тарғиб қилувчи, илмий ва амалий фаолият соҳаси саналади.

Бугун китобхонлар ахборот-кутубхона муассасаларида нафақат босма нашрлардан, балки электрон ресурслар, мультимедиалардан фойдаланиб, ўзига керакли ахборотни электрон қидирув дастури ёрдамида тез ва қулай топиш имконига эга.

А.С.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона маркази ахборот-библиография бўлимида китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида давлат ва жамоат арбоблари, санъат ва адабиёт, фан фидойилари ва академиклар олиб борган тадқиқотлар, асарлар, илмий мақолаларнинг тўлиқ матнлари, улар ҳақидаги аудио, видео ресурсларидан иборат маълумотлар базаси дискларда тайёрланмоқда.

Ҳозирги кунда кутубхонада филология фанлари доктори, профессор Ботирхон Валихўжаев, Саидризо Ализода, Ориф Гулханий, “Беҳбудий мероси бебаҳо бойлик” Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланган ва бошқа қўлланмалар тайёрланган.

Маржона ШАМСИЕВА.