Бир дақиқада 5 литр, энди уни соатга, кунга кўпайтиринг!
Бу ҳақда кўп ва хўп ёздик.
Гап Самарқанд шаҳрининг марказидан оқиб ўтувчи Шаар ариғи устидан ўтувчи аҳолига етказилаётган тоза ичимлик суви қувуридан отилиб чиқаётган сув ҳақида бормоқда.
Очиғи, видеолавҳани кўрган киши ариқ атрофидаги хунук манзара - турли маиший чиқиндилар чиқарилиб ташланганига гувоҳ бўлиб, таъби хира бўлади. Бу алоҳида мавзу. Аммо бу ердаги сув исрофи билан боғлиқ ҳолат ундан-да ачинарли.
Мобил-мухбирларимиз бундан 15 кун аввал - 2022 йил, 19 декабрда бу ҳолатга барҳам беришларини сўраб, телеграм-ботимизга мурожаат қилган ва ўша куни бу мурожаатни чиқаргандик. Лекин ҳолат ҳамон ўша-ўша.
Жойларда аҳоли сувга зор, бу ерда эса тонналаб тоза ичимлик суви исроф бўлмоқда.
Биз сув сарфини аниқловчи мутахассис эмасмиз. Аммо келинг, сув исрофини ўртача хисоблаб кўрамиз. Тешилган қувурнинг биридан камроқ, иккинчи жойидан кўпроқ отилиб чиқаётганига эътибор қаратсак, бир дақиқада камида 5 литр, соатга кўпайтирсак 300 литр, бир кунда 7200 литр (бу етти тонна 200 литр дегани) тоза ичимлик суви исроф бўляпти.
Бу ҳолатга агар ўн беш кун, борингки, бир ой бўлган бўлса-чи? Буёғини ўзингиз хисоблайверинг.
Ҳар сафар ёзилганда сувчилар, яъни “ўз ишининг усталари” сув чиқаётган жойга ёғоч қоқишади ёки селафан ўраб кетишади.
Ўйлаймизки, бу сафар улар бундай қилишмайди, махсус мосламалар ўрнатиб пайванд қилишади.
Ҳусан ХУШЁР.