Бир гуруҳ одамлар ИИБ ходимини дўппослагани акс этган видеога изоҳ берилди

Кеча, 14 октябр куни ижтимоий тармоқларда ички ишлар органи ходимига нисбатан фуқаролар томонидан тан жароҳати етказилаётгани акс этган видеолавҳа тарқатилган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ маълумот берди.

Маълум бўлишича, воқеа 2018 йилнинг август ойларида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги Шариллоқ маҳалласи ҳудудида содир этилган бўлиб, воқеа тавсилотига кўра, ҳудуднинг профилактика инспектори, жамоат тартибини бузаётган маст ҳолдаги уч нафар фуқарони тинчлантириш жараёнида шу атрофда бўлган айрим шахслар томонидан фаол қаршиликка учраган ва унга нисбатан бир гуруҳ фуқаролар томонидан тан жароҳати етказилган.

Ҳуқуқбузарлик содир этган барча шахсларга нисбатан ўрнатилган тартибда қатъий қонуний чоралар кўрилган.

Ички ишлар вазирлиги жамоатчиликдан, ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган видеотасвирларни тарқатишдан ўзларини тийишларини, ушбу ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаришини таъкидлаб ўтган.