Бир қатор давлатлар “ЛДХР”нинг Россия томонидан тан олинишини қоралади
Дунёнинг бир қатор давлатлари раҳбарлари Россия президенти Владимир Путиннинг “ЛДХР” “мустақиллигини” тан олиш ҳақидаги қарорини қоралади. Улар ўз баёнотларини кеча, 21 февраль куни кечқурун оммага эълон қилишди.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россиянинг "ЛХР" ва "ДХР"ни тан олиши ҳақидаги фармоннинг имзоланиши дипломатик саъй-ҳаракатларга путур етказиши ва Украина суверенитетини бузиши ҳақида гапирди:
"Президент Путин томонидан Украина шарқида ўзини ўзи эълон қилган "халқ республикалари”ни бугун тан олиши халқаро ҳуқуқнинг тўғридан-тўғри бузилиши ҳисобланади ҳамда можарони тинч ва сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган барча дипломатик саъй-ҳаракатларга жиддий зарба бўлади. Норманд формати, Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида йиллар давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар атайлаб ва ҳеч қандай сабабсиз пучга чиқарилди”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Германия ТИВ матбуот хизмати.
Канада ташқи ишлар вазирининг вакили Мелани Жоли Роберт Олифант, ўз навбатида, “Россиянинг қарори Минск келишувларини, БМТ қоидаларини бузиш ва минтақадаги барқарорликка таҳдид солаётганини” таъкидлади.
Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Путиннинг фармонини “Украинага қарши тажовузкорлик ҳаракати” деб атади ва Европа Иттифоқининг зудлик билан саммитини ўтказиш ва санкциялар жорий этишга чақирди.
"Ўзини ўзи эълон қилган "республикаларни” тан олиш тўғрисидаги қарор мулоқотни якуний рад этиш ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузишдир. Бу Украинага қарши тажовузкорлик ҳаракати бўлиб, ундан сўнг зудлик билан санкциялар кўринишида аниқ жавоб берилиши шарт", деб ёзди у Twitterда.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили ҳам Москва қарорини қоралаб, буни 2008 йилда Абхазия ва Жанубий Осетияни тан олиш сценарийсининг такрорланиши деб атади.
"Грузия Россиянинг Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларини тан олишини қоралайди. Бу 2008 йилдаги сценарийнинг такрори бўлиб, ҳудудларимизнинг 20 фоизини босиб олишга дахлдор. Грузия президент Владимир Зеленскийнинг ёнида туради ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва тинчлигини қўллаб-қувватлайди", деди у Twitterда.
Молдова, Дания, Руминия, Австрия, Литва, Латвия, Эстония ва бошқа давлатлар ҳам Россиянинг “ЛДХР”даги ҳаракатларини қоралади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни президент Владимир Путин Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказди ва унда Донбасс масаласи муҳокама қилинди. Бунга “ЛДХР” раҳбарларининг “республикалар” мустақиллигини тан олиш ҳақидаги мурожаати асос бўлди. Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашидаги баъзи маърузачилар зудлик билан "ЛДХР"ни Россияга киритишни таклиф қилишди.
Шу куни оқшомида Путин “ЛДХР”нинг “мустақиллиги” тан олинганини расман эълон қилди.