Бир синф, бир ўқитувчи, бир ўқувчи

Қиш кунлари эди. Аномал совуқ ҳукм сураётган бир пайтда "Таълим муассасалари вақтинча фаолият кўрсатмас экан”, деган хабар тарқалди. Кейинроқ бу ёлғон хабарлиги тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлди. Хуллас, “ўқиш бўларкан, бўлмас экан" мавзуси чинакам "тренд"га чиқди. Бу гапларни эшитган одамлар фарзандларини мактабга жўнатмай қўйди.

Ана шундай кунларнинг бирида эрталаб мактабга тайёргарлик кўраётган 2-синфда ўқийдиган фарзандимга, "Она қизим, ҳаво жуда совуқ, синфхоналаринг ҳам музлаб ётгандир, мактабга бормай қўяқолсанг-чи?" деган эдим, у дарсдан қолгиси келмаётганини айтиб, олиб боришимни илтимос қилди. Йўллардаги сирпанчиқни инобатга олиб, кўча уловида ишга отланаётган ҳолимда қизимнинг мактабга бориш раъйини қайтаргим келмади. Таваккал қилиб, ўзимизнинг машинада ота-бола йўлга чиқдик.

Йўлда жуда секин ҳаракатланганимиз ҳисобига дарсга 5-6 дақиқа кеч қолдик. Кечикишга ўрганмаган қизимга устози, албатта, бу ҳолатни тўғри тушунишини йўл-йўлакай уқтириб бордим. Яхмалакда сирпаниб йиқилмасин, дея қизимни мактаб дарвозасидан синфига қадар қўлидан тутиб бордим. Синфхонага кирсак, у ерда ёлғиз ўтирган устоз фарзандини кутиб олаётган онадек очиқ чеҳра билан ўқувчисини қарши олди.

Ташқари ўта совуқ. Иситиш тизими хона ҳароратини бир меъёрда сақлаб турадиган даражада эмас. Шунинг учун кондиционердан ҳам фойдаланиляпти. Шунинг эвазига синфхона ҳарорати яхши.

- Устоз, агар бир ўзи бўлса, қизимни қайтариб олиб кетайми? – дедим. 

- Қолган болажонларим ҳам келиб қолар, кутиб ўтирибман, - деди ўқувчисининг қўлидан тутиб турган муаллима. Қизим ҳам уйга қайтишни истамади.

Хайрлашар эканман, устозга қизимнинг синфдошлари келмаса, истаган пайтда қўнғироқ қилиб айтишини, уни олиб кетишим мумкинлигини тайинладим.

Тушликка яқин уйдан қўнғироқ бўлиб, қизимни мактабдан олишимни айтишди.

Мактабга бордим. Борсам, устоз-шогирд иккиси синфда дарс билан машғул экан.

- Бугун қизим иккимизгина ўқидик-да, - деди устоз самимий.

- Нимага айтмадингиз, устоз? Олиб кетардик, бир ўзига дарс бердингизми? - дедим хижолат бўлиб.

- Бу менинг вазифам, бурчим! - деди у. 

Йўл-йўлакай қизим билан ўтган дарслари тўғрисида суҳбатлашиб кетдик. Устози унинг бир ўзига шу кунги жадвалдаги барча фанлардан одатдагидек дарс ўтганини айтди. Шунингдек, вақт бемалол бўлганлиги учун ўқиш саводхонлиги, диктант, математик масалалар каби қўшимча машғулотлар билан шуғулланишганини гапириб берди.

Ўқитувчи биргина ўқувчига дарс беришдан зерикиб, асабийлашгандир, балки вазифа бериб, уни синфда ёлғиз қолдириб, чиқиб-кириб юргандир, деган ўйлар билан турли саволлар бериб, қизимдан жавоб олишга ҳаракат қилдим. Устози бирор дақиқа ҳам уни қаровсиз қолдирмаганлигини, аксинча, бугунги дарслари ҳар доимгидан-да зўр ва мароқли ўтганини, катта танаффус пайтида мактаб ошхонасида бирга овқатланишганини болаларча беғуборлик ва хурсандчилик билан айтиб берди. 

"Эртага мактабга бормассан, бир ўзинг ўқиб ўтирасанми бугунгидай, уйда ўтирақол,  қизим", десам, унамай, эртаси куни ҳам мактабга олиб боришимни илтимос қилди. 

Қизим ана шундай ўз касбининг фидойиси бўлган устоз қўлида таълим-тарбия олаётганидан хурсанд бўлдим. Уларнинг сафи кенгайсин!

Шерзод СУВОНҚУЛОВ.