Бир томошада учта роль. Ҳамрохон ая таваллудининг 100 йиллиги олдидан
...Мана, орадан йиллар ўтди. Эл эъзозига сазовор бўлган санъаткор Ҳамрохон Омонова бугун ҳаёт бўлганида ибратли умрининг юзинчи баҳорига пешвоз чиқарди. Каттақўрғон драма театри санъаткори Ҳамрохон Омонова ғоят истеъдодли, изланувчан, серқирра ижодкор эди.
Ҳозирги Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Қоражон қишлоғида дунёга келган қизалоқ мурғаклигидаёқ ота-онасидан ажралди. Қўлимда устозимиз Ҳамрохон аядан эсдалик бўлиб қолган "Эсдаликлар" дафтари. Унда шундай жумлалар бор: "Бахтимга йигирманчи йилларда қўшни қишлоқда етим-есирлар мактаби очилди. Мен етимнинг бошини силаб, она ўрнида оналик қилган, ҳамқишлоғим, меҳрибон тарбиячим Жумагул опа Холмуродовадан бир умр миннатдорман. Саҳнага, санъатга бўлган ҳавас, қизиқишимнинг ошишида эса илк саҳна мураббийим Абдураҳим ака Бекқуловнинг номларини ҳурмат билан эслайман. Шу устозим туфайли ўзимнинг илк қўшиқларим билан эл орасига кириб борганман...".
Санъатга ихлос уни катта саҳналар томон чорлади. Ана шу умидда Ҳамрохон турмуш ўртоғи Аҳмаджон Мадалиев билан Каттақўрғон шаҳар колхоз-совхоз театрига ишга келишди. Театрнинг аҳил жамоаси иккала истеъдод соҳибини илиқ қарши олди. Аммо Каттақўрғон театрида ҳам шароит оғир эди. Санъат даргоҳининг моддий базаси заиф, саҳна учун ашё ва матоҳлар, чолғу-асбоблари етишмасди. Мана шундай тақчил йилларда артистларнинг ўзлари уйма-уй юриб, спектаклларга мос кийим-кечак йиғишарди. Худди ана шундай шароитда Комил Яшиннинг "Нурхон" мусиқали драмаси саҳналаштирилди. Театр қошидаги концерт бригадаси таркибида жозибадор овози билан мухлислар орттира бошлаган Ҳамрохонга шу пьесадаги Нурхоннинг аммаси – Халча хола роли топширилди.
– Халча хола роли Ҳамрохоннинг ижодий имкониятлари кенглигидан далолат, – деган эди суҳбатларнинг бирида марҳум режиссёр Зубайдулла ака Рўзиев. – Ҳамрохон ўша йиллари саҳналаштирилган "Гулсара" мусиқали драмасида бир йўла уч образ – Қодирнинг онаси, Ризвон xoла ва Отинбуви ролларини ўйнаган эди. Бир саҳна асарида уч образ яратиш санъаткордан юксак маҳорат, бой тажриба ва зукколик талаб этади. Ўша йиллари театримизда хотин-қиз санъаткорлар бармоқ билан санарли даражада эди-да!
Элимизнинг суюкли санъаткори Ҳамрохон ая Омонова саҳнамизда 150 га яқин турли-туман образларни яратди ва қарийб 50 йил саҳнада "яшади". Ҳамрохон аянинг саҳнамизда ёрқин излари қолди. Бу излар ўчмас излардир.
Абдуазиз ҲОШИМОВ,
республика театр ижодкорлари
уюшмаси аъзоси.