Биринчи Ислом санъати биенналесида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фонди ашёлари ҳам намойиш этилмоқда

Яқинда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 2023 йилнинг 23 апрелига қадар давом этадиган биринчи Ислом санъати биенналесининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Биенналеда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистоннинг бой Ислом маданиятини халқаро жамоатчиликка кенг ёритиб берувчи 17 та ноёб музей ашёлари намойиш этилмоқда. Уларнинг тўрт донаси Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси экспонатлари ҳисобланади. Ашёларнинг бир донаси металл ва уч донаси сопол идишлардан иборат.

Марказида сфинкс акс эттирилган думалоқ шаклли бронза патнис музей-қўриқхонадан олиб борилган ягона металл экспонатдир. Патнис марказида акс эттирилган сфинкс Қадимги Миср ва Юнонистон турмушида кенг қўлланилган мавжудот, одам бошли қанотли шердир. Патнисда сфинкс тасвири бўлиши милоддан аввалги III асрдан бошлаб Ўрта Осиёда юнон маданиятининг ёйилиши, шунингдек, Ипак йўли бўйлаб маданий алмашинувнинг натижасидир. Шунга ўхшаш патнислар худди шу вақтларда Хуросонда кенг ишлаб чиқарилган, улар кўпинча кумуш безакка эга бўлган. XII асрга тааллуқли бўлган ушбу патнис эса Самарқандда тайёрланганлиги билан диққатга сазовордир.

Биенналеда намойиш этилаётган конуссимон идиш кулолчилик чархида ишланган. Оқ рангли фонга жигарранг слип (рангли суюқ лой) билан безак берилган. Коса X асрда Афросиёбда ишланган.

Навбатдаги ашё ҳалқа тутқичли кўза бўлиб, сирланмаган бўлса-да, кулол чархида юқори маҳорат билан ўйиб ишланган ва яхши пиширилган. Кўза сирти эҳтиёткорлик билан сайқалланган, шундан сўнг унга балиқ, ярим ой ва гулли безакли думалоқ медальон шаклида рельеф қопламаси ишланган. Ислом мамлакатлари маданиятида балиқ ва ярим ой хайрли рамз ҳисобланган. XII асрга тааллуқли бўлган кўза Самарқанднинг қадимги ва ўрта асрлардаги шаҳри бўлган, Ипак йўлидаги муҳим савдо бекати ҳамда ҳунармандчилик, жумладан, кулолчилик маркази бўлган Афросиёб харобаларидан топилган.

Биенналеда намойиш этилаётган яна бир кўзанинг шарсимон танаси оқ лойдан кулол чархида ўйиб ишланган. Кўза танасининг юқори қисмига сулс ёзувида бўртма услубда араб тилида “Адолат - келажак пойдеворидир” мазмунли ёзув битилган. Кўза Самарқандда ишланган бўлиб, XI-XII асрга оиддир. Бу пайтда бутун Ислом оламида сирланган кулолчиликнинг инновацион техникаси ва дизайни ишлаб чиқилган бўлса-да, турли сирланмаган кулолчилик буюмлари ҳам ишлаб чиқарилган. Бундай буюмларнинг баъзиларида ўйма нақшлар, каллиграфик ва фигурали дизайнлар мавжуд.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.