Биринчи ўринга - электромобиль

Шу кунларда республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танлови қизғин палла кирди. Унинг маҳалла босқичида ғолиб бўлганлар энди туман ва шаҳарлар даражасида беллашмоқда.

Аҳоли орасида соғлом-турмуш тарзини тарғиб қилиш, хусусан "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонларини жорий этиш бўйича тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш, бу борада намуна кўрсатаётганларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган кўрик-танловда вилоятимиз маҳаллалари ҳам фаоллик кўрсатмоқда.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида бўлиб ўтган танловнинг шаҳар босқичида барча иштирокчилар юқори тайёргарлик намойиш этди. Қизғин ўтган беллашувларнинг якуний натижасига кўра, Каттақўрғон маҳалласи раиси, кўчабошиси ва хонадон эгаси ғолиб деб топилиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Маҳалла уюшмаси шаҳар бўлими томонидан танловда фаол иштирок этган бошқа маҳалла раислари, кўчабошилар ва хонадон эгалари ҳам тақдирланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичи жорий йилнинг 17-18 март кунлари ўтказилади. Уни юқори савияда ва энг асосийси, холис ўтказилиши учун тайёргарлик аллақачон бошланган. Чора-тадбирлар режасига кўра, унда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганлар ҳудудлардаги намунали маҳаллалар фаолияти ҳамда диққатга сазовор жойлар билан танишиш имкониятига эга бўлишади.

Ҳа айтганча, кўрик-танловнинг ҳар бир босқичида 3 номинация бўйича ҳам барча ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо совғалар топширилиши белгиланган. Унинг республика босчиқида биринчи ўринни эгаллаганларга эса олий соврин - электромобиль топширилади.