Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Биринчи Ренессанс алломалари” ўқув қўлланмаси чоп этилди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Биринчи Ренессанс алломалари” номли ўқув қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди.

“Биринчи Ренесанс алломалари” ўқув қўлланмаси учта китобдан иборат туркумнинг дастлабкисидир. У Ватанимизнинг янги тарихига дастлабки чизгилар эканлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ўқув қўлланмада Ўзбекистон замини тарихда буюк Уйғониш даврларига бешик бўлгани, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб бергани қаламга олинган.
- Биз нафақат юртимиз, балки дунё тарихида Биринчи Ренессанс асосларини яратган алломаларнинг номи билан фахрланиб қолмасдан уларга муносиб ворис бўлишимиз, уларнинг асарларини шунчаки санамасдан ҳаёти ва илмий меросини қунт билан ўрганишимиз керак, - деди тадбирда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов. – Чунки интеллектуал ривожланган жамият ва давлат Учинчи Ренессанс пойдеворини янада мустаҳкам, аждодларига хос тарзда қўя олади.
Шунингдек, университетда “Миллий ғоя миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

- Бугун илгари сурилаётган миллий ғоя асоси сифатли таълим ва самарали илм-фанга қурилаётгани бежиз эмас, албатта, - деди университет ректори Рустам Холмуродов. – Бу жараён сифатли таълим бериш, миллатнинг мудраб ётган даҳосини уйғотиш билан амалга оширилади. Бунга жамиятда инсоннинг бутун умр илм олиши учун барча шароитни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида эришилади.
Анжуманда университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматга СамДУ фахрий профессори унвони ҳамда “Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги” эсдалик нишонини топширди.

Беҳрўз ШАМСИДДИНОВ,
СамДУ ахборот хизмати ходими.