Бирламчи тиббиёт аҳолига яқинлашяпти, аммо қўшнисидан сўраб муолажа олаётганлар кўпаймоқда
Бугун шифокорнинг рецепт ёзиб бериши ва унинг тартиблари бўйича турли хил фикрлар билдирилмоқда.
Вилоят шифохоналари яқинида баъзи оналарнинг «Шифокор ўз ҳудудимиздаги поликлиникага юборди, дори ёзиб бермаяпти», деган фикрларини эшитиб қолдик. Аниқланишича, улар ўз ҳудудидаги поликлиника шифокорига учраши керак экан. Шифокорнинг беморга рецепт ёзиб бериши ёки муолажа тайинлаши қандай амалга оширилиши керак?
- Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг ўтган йилнинг декабрь ойида тиббиёт ходимлари билан учрашуви беморларга тавсия этилаётган дорилар вадорихоналар фаолияти танқидий таҳлил этилганди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев. – Шу йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар асосида Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари, тегишли идоралар вакиллари иштирокида жойларда ўрганишлар олиб борилди. Президентимизнинг «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси ўрганилди. Қатор камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди, ҳудудларнинг ўзида семинар-тренинглар ўтказилди.
Аслида ҳар бир бемор ўзида у ёки бу касаллик аломатларини сезиши билан ўз ҳудудидаги бирламчи тиббиёт муассасаси, яъни поликлиникага мурожаат қилиши лозим. Поликлиника шифокорлари беморнинг ҳолатига қараб, уни шу ернинг ўзида ёки туман ҳамда вилоят шифохоналарида даволаниши лозимлиги бўйича йўлланма ёзиб беради. Бугун аксарият аҳоли шамоллаш билан ҳам тўғридан-тўғри туман ёки вилоят шифохоналарига мурожаат этмоқда. Бу эса навбатларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда кўпчилик бирламчи тиббиёт муассасаларида турли даражадаги беморларни қабул қилиш имкони етарлими, каби саволлар туғилиши табиий. Бу тизимда бир неча йилдан буён жиддий ўзгариш ва янгиликлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бирламчи тиббиёт аҳолига сезиларли яқинлашди
Бирламчи тиббиёт бўғини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартирилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб, ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. Аҳолига кўрсатиладиган сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 2 500 та ўрта тиббиёт ходими учун штат ажратилди, қишлоқларда жойлашган 43 та оилавий поликлиника замонавий УТТ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланди, қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, ўтган даврда сифатли тиббий хизматни «маҳаллагача тушириш» бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, 7 та оилавий шифокор пункти, 5 та оилавий поликлиника тўлиқ фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари. маҳаллаларда бўш турган бинолар, шифокор уйи ва тез ёрдам шохобчаларида қўшимча 30 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Натижада вилоятда 162 та оилавий шифокорлик пункти, 67 та оилавий поликлиника, 240 та маҳалла тиббиёт пункти, 16 та кўп тармоқли марказий поликлиника фаолияти таъминланди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар 2000 нафар аҳолига битта, жами вилоят бўйича 1960 та тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, оилавий шифокорга ёрдам берадиган умумий амалиёт ҳамшираси, патронаж ҳамширалари, патронаж доялар жамланди.
Амалиётда кам самара берган аҳолининг чуқурлаштирилган тиббий кўриклари ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Олис ва чекка ҳудудларга шифокорларни жалб этиш мақсадида олис ҳудудлар рўйхатлари 28 тадан 33 тага қадар кенгайтирилди. «Қишлоқ шифокори» дастури жорий этилди. Бунда олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама берилмоқда. Натижада олис ҳудудга 56 нафар шифокор жалб этилди.
2021 йилгача бирламчи бўғинга асосий дори воситалари рўйхатидан келиб чиқиб, формуляр асосида дори ажратилган, 2021 йилда 66 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлов материаллари, 2022 йилда 120 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлов материаллари билан таъминланган.
Поликлиникада нечта дори воситалари бўлиши керак?
Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди.
Унга кўра, оилавий шифокорлик пунктида 68 турдаги нозология (касаллик белгиларига кўра экспресс диагностика), 15 турдаги лаборатория (амалда 5 турдаги эди), 15 турдаги инструментал текширувлар (амалда 10 турдаги), 78 турдаги дори-дармонлар бўлиши керак.
Оилавий поликлиникада 85 турдаги нозология, 15 турдаги лаборатория (амалда 10 турдаги эди), 23 турдаги инструментал текширувлар (амалда 15 турдаги), 90 турдаги дори-дармонлар бўлиши назарда тутилган.
Кўп тармоқли марказий поликлиникада 110 турдаги нозология, 22 турдаги лаборатория, 28 турдаги инструментал текширувлар, 137 турдаги дори-дармонлар бўлиши лозим.
Туман/шаҳар марказий шифохоналарида 257 турдаги нозология, 46 турдаги лаборатория, 28 турдаги инструментал текширувлар, 234 турдаги дори-дармонлар бўлиши белгиланди.
Сўралганларнинг 33 фоизи антибактериал воситаларни шифокор рецептисиз сотиб олган
Бирламчи тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган бу каби ўзгаришлар аҳолини бирламчи тиббиётга яқинлаштирди. Аммо фақат шунинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки аҳоли орасида аллақачон қўшнилар, қариндошлар сўзига кириб муолажа олаётганлар кўп. Бу нафақат дорилардан нотўғри фойдаланиш, балки инсон саломатлигига ҳам жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинда эълон қилган хабарда ҳам бу фикр тасдиқланди. Хабарда жумладан, шундай дейилади:
“Экспертлар хулосасига кўра, дори-дармонларга чидамли микроблар ҳар йили жаҳон бўйича 5 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлади. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ЖССТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 давлат ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу сафда Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бор.
Ана шу жуғрофий кенгликда жойлашган 14 давлатда ўтказилган тадқиқотларнинг тасдиқлашича, бу ҳудудда яшовчи аҳолининг учдан бир қисми антибиотикларни шифокор рецептисиз қабул қилади. Дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш супербактерияларнинг жадал кўпайиши ва кенг тарқалишига имкон бермоқда. Оқибатда инфекцияларни самарали даволаш жараёни қийинлашяпти.
Хавотирли жиҳати, бу ҳолат зудлик билан тартибга солинмаса, 2050 йилга бориб, дориларга чидамли бактериялардан йиллик ўлим кўрсаткичи 10 миллионга етиши мумкин.
Ғарбий Болқон, Кавказ ва Марказий Осиё минтақаларидаги 14 мамлакатни қамраб олган тадқиқотга жалб этилган 8221 нафар респондентнинг ярми ўтган йили антибиотиклардан фойдаланганлигини тан олди. Энг ёмони, уларнинг 33 фоизи антибактериал воситаларни шифокор рецептисиз сотиб олган. Ҳатто баъзи мамлакатларда бу кўрсаткич 40 фоиздан юқори.
Иштирокчиларнинг 67 фоизи антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш зарарли эканлигидан хабардор. Аммо уларнинг деярли ярми бундай дорилар вирусларга қарши курашда самара беради, деган янглиш хулосада”.
Демак, бугун аҳоли ўртасида кўпроқ тарғибот олиб бориш, бирламчи тиббиёт муассасаларига мурожаат, ўзбошимчалик билан даволанаётгандаги хавфларнинг олдини олишда ёрдам бўлишини таъкидлаш лозим.
Рецептни ким ёзиб беради ва унинг тартиби қандай?
- Меъёрларга кўра, поликлиника шифокори мурожаат этган беморга, агарда касаллик улар даражасида даволанадиган бўлса, ҳеч қандай рецепт ёзиб бермайди, балки мавжуд дорилардан беморга ажратилиши лозим, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Рустам Ярматов. – Рецепт фақатгина стационар тарзда даволанадиган беморларга, унда ҳам агар ўша тиббиёт муассасасида беморни даволаш учун баъзи дори воситалари бўлмаса, ёзиб берилади. Рецепт ёзилган бланкага, албатта, шифокорнинг имзоси қўйилади. Бемор зарур дориларни сотиб олгач, бланкага дорихона муҳри урилиб, мижозга берилади. Мазкур бланка уни даволовчи шифокорга келтирилгач, у беморнинг картасига бириктириб қўйилади. Дори-дармонлар белгиланган меъёрлар асосида ёзиб берилиши керак. Бугунги кунда мазкур қоидаларга асосан шифокор беморга ёзиб берадиган дорилар сони сезиларли камайтирилди, антибиотикларни қўллаш йўриқномага асосан амалга оширилади.
Гулруҳ Мўминова.