"Бировнинг кўмагига муҳтож эдим, ҳозир ўзим мустақил юра оляпман"

Пайариқлик Муҳайё Элмуродова туғилиш жараёнида оёғи шикастланиб, 5 ёшигача юра олмаган. Ундан кейин ҳам бировнинг ёрдамисиз ҳаракатланолмаган қизнинг дардига узоқ йиллардан кейин қисман бўлса-да дармон топилди.

- Туғруқхонада эмас, уйда туғилганман, - дейди у. – Туғилиш жараёнида оёғимнинг сон чаноғи чиқиб кетган. 5 ёшимгача ҳам юролмаганимдан кейин дадам мени травмотология шифохонасига олиб борган. У ерда замонавий ташхислаш ускуналари бўлмагани учунми, сонга эътибор бермай, оёғимнинг пастки қисмини операция қилган. Аслида менда бел чурраси ҳам бўлган. Хуллас, фойдаси бўлмаган. Орадан йиллар ўтиб, оёғимдан яра чиқди. Ундан қутулиш учун вилоят кўп тармоқли шифохонасида 3 йил даволанганман. 3 марта жарроҳлик амалиёти ўтказилган. 2016 йилда вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига келдим. Бу ерда малакали мутахассислар кўмагида аҳволим анча яхшиланди. Аввал бировнинг кўмагига муҳтож эдим, ҳозир ўзим мустақил юра оляпман. 2023 йилда турмуш қурдим, бир йилдан кейин фарзандли бўлдим. Бугунги ҳаётимдан мамнунман, шукур қиламан.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда ушбу марказда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш бўйича қатор хайрли ишлар амалга ошириляпти.

Марказ Муҳайё Элмуродова каби ёш, қолаверса кексайиб қолган ногиронлиги бўлган шахслар дардига ҳам малҳам бўляпти. Аммо халқимизда “Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши”, деган нақл бор. Шунинг учун ҳам ўзимиз ва келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизнинг саломатлигига эътиборли бўлишимиз зарур. Бефарқ бўлмасдан, соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшасак яхши бўлади.

Тўлқин Сиддиқов, Ҳусан Элтоев, Эъзоза Мейлиева.