Битирувчи ёшлар “Ветеринар қасамёди”ни қабул қилди

Самарқанд давлат ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ёшлар ойлиги деб эълон қилинган июнь ойини фестиваль доирасидаги тадбирлар билан бошлаб, ёшлар форуми билан якунлади.

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида ташкил этилган форумда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов ҳамда мазкур олий таълим муассасаси ва унинг Нукус ҳамда Тошкент филиалларида, университет тасарруфидаги техникум ва лицейларда таълим олаётган ёшлар, ўқитувчилар қатнашди.

Форумда университетнинг илк битирувчилари рамзий “Ветеринар қасамёди” маросимини ўтказди. Уларни олийгоҳ ректори, профессор Худойназар Юнусов қутлади.

– Бу йил университет ўзининг биринчи қалдирғочлари – 600 нафардан зиёд битирувчиларини мустақил ҳаётга йўлламоқда, - дейди Х.Юнусов. - Улар бу ерда устозларидан олган билимларини амалиётган тадбиқ этиб, мамлакатимиз иқтисодиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшади, деб ишонаман.

Аълочи, фаол, ўқиш давомида ўзларининг билими ва фаоллигини кўрсатган битирувчилар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, тантанада форумнинг 30 дан ортиқ лойиҳаларида (танловлар, мусобақалар, беллашувлар) фаол иштирок этган, ғолибликни қўлга киритган барча иштирокчиларга Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси,  вилоят ҳокимлиги, университет  ва бошқа ташкилотчиларнинг  ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

- Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус” ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда 20 дан зиёд турли йўналишдаги клуб ва тўгаракларни ташкил қилган эдик, - дейди университет проректори Алибек Ғаффоров.- Талабаларимиз ветеринария йўналишида ўқиётган бўлса-да, театр, рассомлик, ҳунармандчилик, адабиёт, мусиқа, спорт ва бошқа шу каби тўгарак ва клубларимизда фаол иштирок этади. Бундай иқтидорли талабаларимиз билан ташкил этилган фестиваль ва республика ёшлар форуми доирасидаги тадбирларни ҳам қийналмасдан, кўтаринки руҳда ташкил этдик.

Севинч Ғаффорова.