Битта ҳам чироғи йўқ масканни Нурафшон дейиш мумкинми? Ёки қишлоқларни Илғор, Гўзал, Эркин деб ўзгартириш қанчалик тўғри?

Ўзбек тили луғат бойлиги ва жозибадорлиги билан дунёда етакчи ўринларда туриши таниқли тилшунослар томонидан тан олинган. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий мероси ўз ижодида қўллаган сўзларининг сони жиҳатидан энг бой асарлар саналади. Улуғ шоирнинг “Муҳокамат-ул луғатайн” асарида ўша замонларда ўзбек тилида истеъмолда бўлган сўзлар илмий таҳлил қилинар экан, айрим сўзларнинг қирққа яқин маънодошлари борлиги тасниф қилинади.
Бугунги кунда ҳам ўз жозибаси ва сермаънолиги билан аждодлардан мерос бўлиб яшаб келаётган тилимизда топонимлар ҳам ўзига хос аҳамиятга эгадир.
Таъкидлаш лозимки, жой номлари ўзига хос тарихий ва географик маъно касб этиши табиий. Аммо, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида шундай жойлар борки, уларнинг номланиши (“Моховқишлоқ”, “Девона”, “Тентак” каби) ўша ерда истиқомат қилувчи одамлар кўнглида норозилик уйғотади. Уларнинг баъзилари этимологик жиҳатидан жуда кўп ўзгаришларга учраб, асл маъносини ҳам йўқотиб (“Дўсат”, “Турайғир”, “Санчиқул”, “Қангли” каби) қўйган.
Ўзбек адабий тили меъёрларига мос келмайдиган бундай номларни ўзгартириш ва уларни тилимизнинг бор чиройини акс эттирувчи ёки буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштирувчи номлар билан алмаштириш вақти етди. Шу боис, ҳукуматимиз томонидан аввал маҳалла номларини ҳудуднинг географик жойлашуви, этнографияси, тарихи, бугунги кундаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш бўйича хайрли ишлар бошланган эди. Бугунги кунда қишлоқларнинг номлари ҳам худди шу тарзда мутахассислар таҳлилидан ўтказилиб, ўзгаришлар киритилмоқда. Айни пайтда “Обод маҳалла, обод қишлоқ, обод кўча” шиори остида ўтказилаётган хайрли тадбирлар таркибида ҳам жой номлари билан боғлиқ ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Чекка қишлоқларда ҳам кўчаларга номлар бериш, уларни махсус хариталарга киритиш, кўчалар ободлиги ва кўркамлигига эътибор қаратиш, яъни уларни ўзига муносиб номлар билан аташ масалалари кўриб чиқилмоқда. Негаки, ёритиш чироқлари ўрнатилмаган кўчани “Нурафшон”, битта ҳам ниҳол ёки гул экилмаган ҳудудни “Гулзор” деб номлаш мантиққа тўғри келмайди, ахир. Шунингдек, кўчаларни “Илғор”, “Шараф”, “Гўзал”, “Эркин” каби номлар билан аташ ҳам мантиқан тўғри эмас.
“Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига ҳам ўттиз йилдан ошди. Аммо, ҳали ҳам ушбу қонуннинг жойлардаги ижроси талаб даражасида деб бўлмайди. Аслида жойларни қайтадан номлаш масаласи ҳам ушбу қонун талабларидан бири саналади.Тўғри, бутун мамлакатимиз бўйлаб аҳоли талабларини ўрганган ҳолда жойлар номини ўзгартириш ва қайта номлаш қисқа муддатда амалга ошадиган иш эмас. Ҳозирга қадар бу борада бир қанча ишлар амалга оширилди ва бу юртдошларимиз томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинаётир. Лекин эндиликда янги бир муаммо пайдо бўлмоқда. Яъни ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари, тўйхона ва умумий овқатланиш шохобчаларини тилимизга умуман мос келмайдиган, ҳатто, асл мазмунини ушбу шохобчалар соҳибларининг ўзлари ҳам яхши англамайдиган номлар билан аташ урф бўлаётир. Масалан, мана шундай объектларнинг пештоқига катта ҳарфлар билан, имло хатоларига тўла ҳолда “Shadoze”, “Grand Aziya”, “Eyfel”, “Aleksandra” каби номларнинг ёзиб қўйилганига барчамиз гувоҳмиз. Аслида бу масканларни номлаш учун ўзбек тилида қанчадан-қанча гўзал атамалар мавжуд.
Менимча, бу каби ҳолатларга чек қўйиш, ҳар бир атама юртимиз кўркига кўрк қўшиши, халқимизнинг бой маънавиятидан далолат бериб туришига эришиш бир ёки бир неча ташкилотнинг иши эмас. Бунинг учун барчамиз бирдек ҳисса қўшишимиз, бу каби масалаларга лоқайд қарамаслигимиз лозим. Чунки, биз шу юртнинг фарзандимиз. Ундаги гўзалликка ҳам, юксак маънавиятга ҳам бирдек масъулмиз.
Феруза ТОҒАЕВА,
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,
олий тоифали она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.