Битта лицейдан 41 нафар ўқувчи муддатидан олдин ўқишга кирган
Шу кунларда “фалон ўқувчи муддатидан олдин ўқишга кирибди”, деган хабарлар кўп тарқаляпти. Улар орасида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали академик лицейи иккинчи босқич ўқувчиси Жавоҳир Қаюмов ҳам бор.
У шу пайтга қадар хорижий давлатларнинг 12 та нуфузли олий таълим муассасалари гранти соҳиби бўлди. Жавоҳирни ўқишга қабул қилган университетларнинг бири рейтинг кўрсаткичлари бўйича дунёнинг Топ-100 талик олий таълим муассасалари қаторида.
– Лицейга келганимдан кейин дўстим Адҳамжон Жанобиддинов дунёнинг нуфузли университетлари грантларига эга бўлди. Унинг маслаҳатлари билан IELTS сертификатини олиб, хорижда ўқишга қатъий қарор қилдим. Мана, орадан бир йил ўтиб, мақсадимга эришдим, - дейди у. - 10 дан ортиқ университетларга муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган бўлсам, улардан бири - “University of Minnesota” рейтинг бўйича дунё олий таълим муассалари орасида 87-ўринда туради.
ТАТУ Самарқанд филиали академик лицейи директори Сайёра Ҳамраевага кўра, ўтган ўқув йилида лицейни тамомлаган битирувчиларнинг 93 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Бу йил 41 нафар ўқувчи муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган.
Лицейда таълим олаётган ўқувчилар ахборот технологиялари бўйича нуфузли танловларда ҳам фаол иштирок этиб, ютуқларни қўлга киритмоқда. Улар устозлари кўмагида турли хил дастурлар яратмоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
Эъзоза МЕЙЛИЕВА.