Нарпайда битта “тадбиркор” томонидан 300 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди

18 ноябрь куни Энергетика вазирлиги, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ходимлари ҳамкорликда Самарқандда тадбир ўтказди.
Тадбирда Нарпай тумани, “Тепа” маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “OQTOSH DIYORBEK NUR” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасининг табиий газдан фойдаланиш ҳолати назорат қилинди.
Ўтказилган назорат тадбирида газ ҳисоблаш ускунасидан ташқари АГТКШ ҳудудидан ўтувчи “Оромгоҳ” кичик саноат зонасини табиий газ билан таъминловчи кесими - 159 мм.ли газ тармоғига яширинча ўзбошимчалик билан уланиб табиий газдан фойдаланаётганлик ҳолати маълум бўлди.
Ушбу ноқонуний ҳолат бўйича дастлабки ҳисобланган газ ҳажми 5 миллион 424,0 минг метр куб, етказилган зарар миқдори 5 миллиард 424,0 миллион сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳажмдаги табиий газ 300 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади.
Юқорида қайд этиб ўтилган ноқонуний ҳолат бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.