"Биз уларга футбол ўйнашни ўргатдик, энди улардан оилавий қадриятларни ўрганишимиз керак…"

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўша куни ўсмир ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиши керак эди. Дадам эсимни таниганимдан буён бирорта футбол чемпионатларини қолдирган эмаслар, ашаддий мухлис эдилар. Хуллас, ҳаяжон билан, дақиқа санаб, муҳим ўйинни кўришга ҳозирлик кўраётган эдилар. Аям ҳам ўз навбатида бу пайти дадамга нима зарур бўлса, ҳаммасини телевизор қаршисига тайёрлаб, ўзлари кетишга тайёргарлик кўрдилар. Дадам аямнинг гаштаги (пенсияга чиққан ҳамкасабалари билан ойда бир кўришадилар) борлигини эшитиб, бироз ранжидилар.

- Эҳ, муҳим ўйин куни гаштагинг борлиги чатоқ бўлибди-да, - чини билан хафа бўлдилар дадам.

- Тезроқ қайтишга ҳаракат қиламан, - ваъда бердилар аям.

Гап шундаки, дадамнинг мухлислик қилаётган командалари ғалаба қозонишини аям ҳам чин дилдан истар, айниқса, пенсияга чиққанларидан сўнг бу ўйинларни улар биргаликда томоша қилишар эди. Ҳар сафар бундай томошада аям ўша команда ғалабасини сўраб, дуо қилиб ўтирардилар.

Бу сафар ўзбекистонлик ёшларнинг чиқиши эса нафақат бизнинг оилада, балки мамлакатимизнинг барча футбол мухлисларини экран қаршисига чорлаган эди. Хуллас, аям кўнгли хижил бўлиб йўлга чиқди. Ҳали ўйин бошланишига вақт бор эди. Буни қарангки, орадан ярим соат фурсат ўтар-ўтмас, аям уйга қайтиб келдилар. Футбол эндигина бошланган, дадам ҳатто гапиришга ҳам вақтини қизғаниб "Нима бўлди?" дегандай аямга қараб қўйдилар. "Дугоналаримга мазам бўлмаяпти, деб қўя қолдим, ўзбекистонликлар ютиши керак-да, ёнингизда ўтирай", деб жавоб бердилар.

Ўйинни томоша қилишдан ҳам кўра кўпроқ дуо қилиб ўтирдилар, кейин бизга айтиб беришларича, "Ихлос" сурасини ўқиб ўтирганлар. Ўша ўйиннинг натижаси ҳаммамизга маълум, ўзбекистонлик ёшлар жаҳон чемпиони даражасига эришгандилар.

Дадам бу ютуқдан шунчалик хурсанд бўлдиларки, яна бир карра аямнинг дуолари ижобат бўлди, деб ҳаммамизга бу ҳақда фахрланиб гапирдилар.

Айтиш мумкинки, ўша куни мамлакатимизнинг минглаб оилаларида хурсандчилик овозлари янграган бўлиши табиий. Юз минглаб оилаларда ота-оналар телевизор қаршисида ўзбек ёшларига ғалаба тилаб, дуо қилиб ўтирган бўлсалар ажабмас. Ёдингизда бўлса, ғалаба маълум бўлгач, тезкор оммавий ахборот воситалари ходимлари чемпион болаларнинг уйларидан репортаж тайёрлашганди. Оила аъзоларининг экран қаршисидаги кузатувлари, ота-оналарининг ҳаяжонларини, оналарнинг қўллари титраб, дуога қўл очганларини кўриб, кўзимиз ёшланган.

Ростдан ҳам биз учун ота-оналаримизнинг дуоси, розилигидан кўра улуғроқ бахт йўқ. Оиладаги асосий қадриятларимиз, ҳатто кези келганда, орзу-истакларимиз ҳам шу тушунча билан уйғунлашиб кетган. Ҳали болалигимиздаёқ онамизнинг оғирини енгил қилишни, отамизга машина олиб бериш ёки бошқа қулайликлар яратиш ҳақида ўйлаймиз.

Дераза ювишдан толиққанимни кўрган ўғлим болалигида "Сизга ўзим дераза ювиб берадиган робот ясаб бераман", дегани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Умуман, ҳар бир оилада бундай мисоллар кўп. Кимдир онаси учун юксак чўққиларни забт этишни истайди, отасининг орзуларини рўёбга чиқариш учун катта ишларни бошлаган инсонлар борлиги ҳақида ҳам эшитиб қоламиз.

Ёдингизда бўлса, мамлакатимиз фахри бўлган футболчи Одил Аҳмедов болалиги билан боғлиқ хотираларида бир воқеани ёдга олади. "Футболга қизиқишимни сезган отам мени шаҳримиздаги футбол клубига олиб бордилар. Ўшанда мураббийлардан бири отамга қараб "Фарзандингизнинг футбол ўйинига қизиқиши борлиги яхши-ку, лекин сизнинг пулингиз борми?" деб сўради очиқдан очиқ. "Футбол бу пул дегани, пулингиз бўлмаса, болангиздан яхши футболчи чиқиши гумон", дея фикрига яна алоҳида урғу берди. Ўша пайти отамнинг боши эгилгани ҳанузгача кўз олдимдан кетмайди. Албатта, энг зўр футболчи бўламан, дея айнан шу пайти аҳд қилганим ҳам ёдимда".

Кейинги воқеаларни эслатиш шартмас. Одил Аҳмедов нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам тан олинган футболчи сифатида эътироф этилди.

Ота-онанинг ҳурмати, унинг розилиги биз учун ҳаётимиздаги энг юксак марра эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ундан ўзгачасини тасаввур қилишимиз қийин ёки ота-онага нисбатан номуносиб муносабат ҳар доим ҳам кўнглимизда норозилик уйғотади. Беш бегонанинг ҳам қиблагоҳларига нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатидан ранжиймиз, танбеҳ берамиз.

Яқиндагина барчамиз гувоҳи бўлдик, Қатарда ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Марокаш терма жамоаси футболчиси Ашраф Ҳакимийнинг ҳар галги муваффақиятидан сўнг стадионда туриб, ўғлига мухлислик қилаётган онасининг ёнига бориб, уни бағрига босиши ёки шу жамоанинг яна бир футболчисининг ғалабадан сўнг майдонда онаси билан рақсга тушиши билан боғлиқ суратлар ижтимоий тармоқларни портлатиб юборди, миллионлаб инсонларнинг олқишига сазовор бўлди.   

Немис шарҳловчиси Қатарда ўтаётган жаҳон чемпионатида марокашлик ўйинчилар ўйиндан сўнг ўз оналарини қучоқлаб ўпгани, ҳар бир ўйиндан кейин сажда қилишларига эътибор қаратди.

"Биз ғарб жамиятимизда қалин оилавий ришталарни ортиқ кўрмай қўйдик. Оила концепцияси йўқ бўлиб кетмоқда, биз футболдан кейин моделлар ёки дугоналарини ўпаётган футболчиларни кўрамиз, қачонки ота-оналари қариялар уйида бўлишади. Биз марокашликларни футбол ўйнашга ўргатдик, улар биздан ҳам ўзиб кетишди, энди улардан этика ва оилавий қадриятларни ўрганишимиз керак. Шунда қачондир бизнинг ўйинчиларимиз ҳам ота-онасининг пешонасидан ўпаётганига гувоҳ бўлармиз", деди шарҳловчи бу воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан.

Ота-онага эҳтиром – бизнинг ўлмас қадриятларимиздан бири эканлиги кишига таскин беради. Бугунги алғов-далғов, ҳамма ўз манфаатини ўйлайдиган, ёмон хабардан хурсанд бўлиб, яхшилик ҳақида эшитгиси келмайдиган, ака укасини, опа синглисини судга бераётган бир пайтда одамлар орасида ота-онага ҳурмат туйғуси устунлик қилаётгани ҳали инсоният тамоман ўзлигини йўқотмаганини англатади, назаримда. Ҳар ҳолда шунга ишонгимиз келади.

Гулруҳ Мўминова.