Бизнес-омбудсман тадбиркорни қандай ҳимоя қиляпти?

Кейинги йилларда юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, соҳа субъектларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан бир қатор ишлар амалга ошириляпти.
Бизнес-омбудсманнинг вилоятда фаолият кўрсатувчи ходимларига тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан жорий йилнинг 8 ойи мобайнида 450 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 440 таси кўриб чиқилди ва мурожаат муаллифларига белгиланган тартибда жавоб хатлари юборилди. Мурожаатларнинг асосий қисми, яъни 18 фоизини солиқ, 14 фоизини ер, кадастр, архитектура, 11 фоизини банк, молия ва кредит, 9 фоизини давлат идораларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати юзасидан ҳамда 8 фоизини инфратузилмага оид ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар ташкил қилди. Мурожаатларни ўрганиш жараёнида уларда келтирилган важларни чуқур ўрганиш ҳамда имкон қадар қаноатлантириш ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг август ойида Пахтачи туманида фаолият юритувчи “Кўк гумбаз” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) электрон-онлайн аукцион орқали сотиб олган объектига нисбатан кадастр ҳужжатлари тўрт йилдан бери расмийлаштириб берилмаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганилди.
Аниқланишича, тадбиркор 2021 йилда электрон-онлайн аукцион орқали аввал "Ҳудудгазтаъминот" АЖга тегишли бўлган бинони сотиб олган. Бироқ собиқ балансда сақловчининг қарзлари борлиги сабабли бинога қўйилган тақиқ ва бандлар ечилмаган. Натижада тадбиркорнинг даромад топиш мақсадида харид қилган мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи чекланган.
Мурожаатни ўрганиб чиқиш натижасида мажбурий ижро бюроси органларига хулоса киритилиб, қўйилган барча тақиқ бекор қилиниши таъминланди ва жамият номига кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди.
Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш мақсадида “Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали фаолияти йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 8 ойида мазкур ахборот порталига вилоятда фаолият юритувчи тадбиркорлардан 689 та масала юзасидан 649 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатлар асосида тадбиркорларга 1,5 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилишида, 2,5 миллиард сўм пул маблағлари ундирилишида, 1,6 миллиард сўм солиқ суммалари қайтарилиши ва ҳисобдан чиқарилишида, 525 миллион сўм коммунал хизматлар учун асоссиз ҳисобланган қарздорликлар олиб ташланишида, 98 миллион сўм ноқонуний ҳисобланган жарима ва бошқа таъсир чоралари бекор қилинишида ёрдам кўрсатилди.
“Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан Бизнес-омбудсман томонидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, ўтган даврда портал орқали юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя қилмаганлиги боис 6 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари кўрилиши таъминланди.
Бундан ташқари, қонунчиликка мувофиқ, Бизнес-омбудсманга тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар, даъволар ва шикоятлар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқи берилган. Шунга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Бизнес-омбудсман девонининг вилоятда фаолият юритувчи ходимлари томонидан судларга киритилган даъво аризалари орқали давлат идораларидан тадбиркорлик субъектлари фойдасига 2 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди. Мисол учун, Паст Дарғом туманида фаолият юритувчи “Ҳақиқат” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) мурожаатини ўрганиш давомида тадбиркор вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан шартнома тузиб, маҳсулотларни етказиш ва хизматларни кўрсатиш мажбуриятини олганлиги ва ушбу шартномага мувофиқ ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганлиги, аммо буюртмачи иш, хизматлар ва маҳсулотлар тўлиқ қийматини пул кўчириш йўли билан тўлиқ миқдорда тўлаб бериш мажбуриятини олган бўлса-да, узоқ вақт мобайнида тадбиркорнинг пулларини бермай келаётганлиги аниқланди ва ушбу қарздорликни ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилди. Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2025 йил июнь ойидаги ҳал қилув қарори билан буюртмачидан тадбиркор фойдасига 1 миллиард 27 миллион сўм ундирилиши таъминланди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимларига маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 9 моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Ушбу ваколатдан фойдаланилган ҳолда давлат идоралари фаолиятида ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жорий йилнинг 8 ойида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузган 115 нафар шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида тўғридан-тўғри қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, давлат идораларида фаолият юритувчи 58 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддалари билан расмийлаштирилган маъмурий ишлар кўриб чиқиш учун суд ва бошқа идораларга юборилди.
Ўтган даврда тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунбузилишга йўл қўйганлиги учун 76 нафар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлиги учун 64 нафар, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 24 нафар, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 8 нафар, вакил девони ходимлари қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлиги учун 2 нафар, тадбиркорнинг фаолиятини ноқонуний тўхтатиб қўйганлиги учун ва тадбиркорнинг пул маблағларини ўз вақтида қайтармаганлиги учун 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.
Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилган давлат идоралари ходимларига нисбатан жами 892 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарималар тайинланди.
Жасур ТУРСУНОВ,
Бизнес-омбудсман девонининг Самарқанд вилояти шуъбаси етакчи инспектори.