Блогер – ҳаваскор журналист, бироқ баъзи журналистлардан маҳоратлироқ бӯлиши мумкин
Кӯпчилик блогер ва журналистларнинг фарқига бормайди. Ваҳоланки, улар ӯртасида умумийлик қатори ӯзига хослик ҳам мавжуд. Ҳамма блогерлар ҳам журналистлар каби маҳоратли эмас, бироқ ҳар қандай журналист блогерликка даъво қилиши мумкин.
Бугунги кунда мамлакатимизда сӯз эркинлигининг барқарорлашуви, ОАВга берилган имконият ва шароитларнинг ҳосиласи сабаб, ушбу соҳада маълум масалалар муҳокама марказига тушиб қолди. Жумладан, сӯнгги кунларда ахборот ҳақида гап кетганда, журналистлар қатори блогерлар тез-тез тилга олинадиган бӯлди. Расмий ва норасмий тадбир ва анжуманларда ҳам ОАВ ходимлари қатори блогерлар таклиф этилмоқда. Бу очиқ жамиятда сӯз эркинлигининг барқарорлашаётгани, чинакам демократик принципларнинг амал қилаётганидан далолат беради. Бу ҳолатнинг хавфли томони шундаки, ахборот бериш ва қабул қилишда шаффофлик, объективлик, ҳаққонийлик, очиқлик ва дахлсизлик устуворлиги таъминлашда. Яъни ҳар ким ахборот бериш ё тарқатиш ҳуқуқига эга жамиятда ахборот тарқатувчи шахс ё уюшма ҳар қандай тазйиқ, манфаат, субъектив фикрлар ё маълум бир гуруҳларнинг манфаатларидан холи равишда ҳаққонийлик, объективлилик, ишончлилик, масъулиятлиликни англаши ва бу меъёрларга қатъий амал қилиши керак. Бу масала журналистлар қатори блогерларнинг жамиятда фаоллашуви билан янада муҳимроқ бӯлиб қолди. Сабаби, журналистлар билан блогерлар ӯртасида фарқ ва ӯхшашлик амалий тарзда кенг омма учун ҳали у қадар ойдинлашгани йўқ. Бу борада менимча соҳа мутахассис ва олимлари, тадқиқотчилар ҳозиржавоблик билан муносабат билдиришлари шарт.
Савол туғилади: журналистнинг аксарият вазифасини бажараётган блогер журналист бўла оладими? Йўқ. Бироқ бу жавобдан дарров “журналист блогердан устун қўйилмоқда” деган андишага бормаслик керак. Чунки баъзи бир блогерлар жамиятимиздаги муаммо ва масалаларни ечишда баъзи журналистлардан яхшироқ жонбозлик кўрсатмоқда. Аммо бу ҳам блогерни журналистдан устун қўйишга асос бўлолмайди.
Фикримизча, блогер журналист эмас. Мураккаб хулоса талаб этадиган ушбу оддий фикрни кенг жамоатчилик яхши тушуниши ва англаши лозим. Чунки бу “ахборот истеъмолида” ниҳоятда муҳим омил ҳисобланади.
Нима учун блогер журналист эмас?
Биринчидан, блогерга ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. У хоҳлаган пайти, хоҳлаган мавзуси ҳақида материал тайёрлаши, эълон қилиши мумкин. Ахборот узатишда бўрттириши, алдаши ё ўзи билмаган ҳолда хатога йўл қўйиши мумкин. Аммо бу борада журналистга анча масъулият ва жавобгарлик бор.
Иккинчидан, машҳур журналист Познер айтганидек, блогерлик журналистдан фарқли равишда касб эмас. Яъни ахборот узатишда профессионаллик ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Учинчидан, блогерлар доим ОАВ қонунлари ва журналистлар этикаси доирасида иш кўрмайди. Улар фақат гувоҳи бўлган воқеа-ҳодиса ҳақида хабар, имкони ва билими етган мавзуда материал тайёрлаши мумкин.
Тӯртинчидан, блогерларда саводлилик даражаси турлича. Яъни улар ахборотни истаган услубда ёзиши, баён қилиши мумкин. Матн, фото ва тасвирлардаги хатолик, камчиликлар учун улар масъулиятни зиммаларига олишмайди.
Бешинчидан, блогерлар журналистлардан фарқли равишда хабар тарқатаётганда эмоция, ҳаяжон ҳайратга берилишлари, ўз фикр ва хулосаларига таяниб воқеа-ҳодисаларни шарҳлашлари мумкин.
Олтинчидан, блогер ахборот манбаи, гувоҳ сифатида қабул қилиниши мумкин. Яъни у орқали ОАВ маълумот олишлари, тарқатишлари имкони мавжуд. Билъакс - ОАВ манбаларига таяниб материаллар тайёрлаётган блогерлар ҳам кам эмас.
Аслида бугунги жамиятда журналист деган гувоҳномани кўтариб юриб, ўз масъулиятини билмаётган, маддоҳлик ва манфаатлар учунгина ҳаракатда бўлаётган ёки номигагина кабинетга тиқилиб олиб ижод қилаётган ҳамкасбларингиз ҳам бор дейишингиз мумкин. Тўғри, аммо бу ўша ОАВ муҳаррирларию раҳбарлари билан боғлиқ жараён. Шунга жавобан жасорат кўрсатиб, жамиятнинг нуқсонини келажакка ислоҳ этиш, ижобий ўзгаришлар учун интилаётган, сўз масъулиятини биладиган блогерлар эҳтимол юқорида сифатлари айтилган “журналистлар”дан фидойироқ ва кераклироқдир.
Хуллас, бу омилларнинг яна кўпини келтириш мумкин. Муҳими, бугунги кунда биз бу борада аниқ тушунчага эга бўлишимиздир. Бу эса ўз навбатида замонавий журналистика соҳасида янги тадқиқотлар олиб бориш, таҳлил ва таққосни, илмий башоратларни талаб қилади.
Аслида кимни блогер дейиш мумкин? Бу масала ҳам муҳим бўлиб, ушбу тушунчага изоҳ илмий-назарий ва амалий билимларга асосланиб, қонунчиликда аниқ кўрсатилиши керак. Шунингдек блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўшимча имконият ва шароитларни яратиш баробарида омма олдида масъулият ва жавобгарлик ҳисси учун ҳам блогерлар учун қонун ниҳоятда зарур. Шу мақсадда Ӯзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасининг regulation.gov.uz порталида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги лойиҳа жойлаштирилди. Унда блогер тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: блогер — хабар ва материалларни тўплаш, таҳлил қилиш, таҳрирлаш, тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланувчи ҳамда уларни ахборотдан фойдаланувчилар томонидан, шу жумладан, муҳокама қилиши учун Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига жойлаштирувчи жисмоний шахс.
Бу таъриф ҳам таҳрирталаб, чунки унда интернет журналистикада фаолият олиб бораётган журналистлар кӯпроқ назарда тутилгандек. Ваҳоланки ахборот тарқатувчи ҳар қандай жисмоний шахсга блогер деган мақом бериш ноўрин. Менимча, блогер маълум бир фойдаланувчилар ё обуначиларга эга бўлиши, жамоатчилик томонидан эътироф этилиши керак. Чунки эртага ҳар қандай жисмоний шахс турли хил маълумот ва хабарларни эълон қилавериб, ўзидан блогер ясаб олиши мумкин. Баъзи ҳолатларда шундай ҳам бӯлаяпти. Ижтимоий тармоқлар ва муҳокамаларни ўқиб, амин бӯлаяпмизки, блогерлик учун аниқ мезон ва талаб керак. Жамоатчилик назорати остида бўлса-да, блогерлик фаолияти таҳлил этилиши, баҳо берилиши лозим. Айтайлик, нуқул масаланинг бир томонини бўрттириб кўрсатадиган, ўзининг яширинча манфаати бўлган шахс омма олдига блогер сифатида “чиқиш қилаверса”, нима бӯлади? Шунинг учун блогерларга журналист мақоми даражасида ҳуқуқ берилаётган экан, ўша даражада мажбурият ва жавобгарлик ҳам бўлиши лозим. Бу жамоатчилик назорати остида бўлса, демократик жамияти меъёрларига ҳам мувофиқ бўлади.
Хулоса, блогерлик фаолияти журналистик фаолият каби қоронғу уйда худди фонус кўтариб кирадиган шахс каби ниҳоятда самаралидир. Бироқ, бу борада ҳаққонийлик, объективлик, сўз ва ахборот, масъулият ва этика меъёрларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Бу талаблар қанчалик бажарилиши эса яна кенг жамоатчилик фикри ва хулосасига боғлиқдир.
Баҳодир Раҳмонов.