БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси: Ўзбекистоннинг қандай режалари бор?

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоси сифатида, шунингдек, ўз минтақаси – Марказий Осиёда ўзига хос мавқе ва ўринга, улкан салоҳиятга эга давлат сифатида ташкилотнинг сессияларида қатор долзарб таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, кеча бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида ҳам қуйидаги таклифлар илгари сурилди:

- пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказиш;

- 2021 йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш;

- 2023 йилда Ўзбекистонда атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги олтинчи Ассамблеясини ўтказиш;

- Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш;

- 2022 йил Оролбўйи ҳудудида, Нукус шаҳрида “яшил энергетика” бўйича БМТ билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро форумни ўтказиш;

- Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббуслар, нафақат миллий манфаатлар, балки бутун бир минтақа ва глобал миқёсда долзарб бўлган масалаларни ўз ичига олади.

Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессиясида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан афғон масаласида БМТнинг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистоннинг асосий мақсадларидан бири - 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш ва бу режа БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари руҳига ҳамоҳангдир.

Албатта, бу жуда катта марра. Бу кўрсаткичга эришишимиз учун мамлакатимизнинг ялпи миллий даромади ҳажми ошиши ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра 4 000 АҚШ долларидан юқори бўлиши талаб қилинади. Бу эса ўз-ўзидан эришиладиган натижа эмас.

Кўзланган мақсадларга эришиш учун эса қатъий ирода, самарали ислоҳотлар, ички ва ташқи сиёсатда барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш муҳим ўрин тутади.

Дилнур АЪЗАМОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси бош мутахассиси, “Келажак лидерлари” клуби аъзоси.