БМТ Бош котиби: Дунё фавқулодда ҳолат режимига ўтиши керак
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Глазгодаги конференцияда иқлим бўйича қатор мақсадларга эришиш имкони бўлмаганлигини айтди.
“Конференция очилишида айтганимдек, биз глобал исишнинг 1,5 даражадан ошиб кетишининг олдини олиш учун тезлашишимиз керак. Бизнинг мўрт сайёрамиз қил устида. Биз ҳали ҳам иқлим фалокати ёқасида турибмиз”, деди Гутерриш CОP26 га баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, дунё фавқулодда ҳолат режимига ўтиши керак – “акс ҳолда атмосферага чиқинди ташлашни нолга етказиш имконияти самарали бўлмайди”.
У қазиб олинадиган ёқилғи субсидияларини тўхтатиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Гутерришнинг таъкидлашича, кўмирдан босқичма-босқич воз кечиш, углерод нархини белгилаш ва заиф жамоатчиликнинг иқлим ўзгаришининг ҳозирги таъсирига чидамлилигини ошириш керак. У ривожланаётган мамлакатларни иқлим инқирозига қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун 100 миллиард доллар ажратиш мажбуриятига чақирувини такрорлади.
"Ушбу конференцияда биз бу мақсадларга эриша олмадик", деб тан олди Бош котиб.
Ваҳоланки, инсоният тараққиётга эришиш учун зарур воситаларга эга. Гап мамлакатларда ўрмонларни кесишга қарши курашиш, метан чиқиндиларини кескин камайтириш, углерод нейтраллиги учун хусусий маблағлар жалб қилиш бўйича мажбуриятлари ҳақида бормоқда. Биз бу қадамларни олқишлаймиз, аммо улар етарли эмас, деди у.
Мутлақ устуворлик - бу ўн йилликда иссиқхона газлари чиқиндиларини тез ва барқарор қисқартириш, хусусан, 2010 йил даражасига нисбатан 2030 йилга келиб чиқиндиларни 45 фоизга қисқартиришдир.
Аввал БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 26-конференцияси (CОP26) иштирокчилари якуний баёнот матни бўйича келишиб олишган эди.
Кеча, 13 ноябрь куни эълон қилинган қарор лойиҳасидаги кўмир энергетикаси ва қазиб олинадиган ёқилғи субсидияларини босқичма-босқич тўхтатишни талаб қилади. Шунингдек, глобал ўртача ҳарорат кўтарилишини саноатгача бўлган даврдан 2 даражадан паст ушлаб туриш ва ҳароратнинг 1,5 даражадан ошишини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш бўйича узоқ муддатли мақсад тасдиқланди.
Глазгодаги CОP26 конференцияси 31 октябрда бошланиб, 12 ноябрда якунланди. Тадбирлар дастурига кўра, расмий музокаралар билан бир қаторда анжуманда жамиятнинг барча тармоқлари ва глобал иқтисодиётнинг иқлимий ҳаракатларига эътибор қаратилди.