БМТга аъзо 53 давлат Беларусь ҳукумати хатти-ҳаракатларини танқид қилди

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Польша, Украина, Эстония каби давлатлар жой олган 50 дан ортиқ давлат Беларусь ҳукуматининг намойишчиларга қарши қўллаётган ҳаракатларини танқид қилди. Бу ҳақда 27 октябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

БМТ Бош Ассамблеясининг ижтимоий ва гуманитар муаммолар билан шуғулланувчи учинчи қўмитаси йиғилишида 53 давлат номидан Эстониянинг мазкур ташкилотдаги доимий вакили Свен Юргенсон баёнот берди.

“Биз Беларусь ҳукумати томонидан тинч намойишчиларга нисбатан, шу жумладан, машҳур спортчилар, журналистлар ва ОАВ соҳасида фаолият олиб бораётган бошқа шахсларга ҳамда мухолифатчиларга нисбатан давом эттирилаётган репрессияларни жиддий танқид қиламиз”, деб таъкидлади Юргенсон.

Баёнотда “минглаб айбсиз одамлар ҳибсга олингани, юзлаб одамлар касалхонага ётқизилгани ва бир нечта ўлим ҳолатлари қайд этилгани” ҳақида тўхталиб ўтилди.

Байнот муаллифлари Беларусь ҳукуматини “даъво қилинаётган миллий хавфсизликдан одамларнинг талабларини рад этиш учун баҳона сифатида фойдаланмасликка, халқнинг асосий эркинликлари, шу жумладан, сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ҳуқуқидан маҳрум қилмасликка” чақирди.

Бундан ташқари, баёнотда “сайловлардан сўнг 500 дан ортиқ қийноққа солиш ва бошқа зўравонликлар, жумладан, жинсий зўрлаш” ҳолатлари ҳақида алоҳида таъкидланди.