"Боғчага бормайман, аяжон!"
Уни тартибга чақириб ёки алдаб, боғча томон йўл оласиз. Боғча ҳовлисига қадам қўяр экансиз, аксарият болаларнинг "Боғчага бормайман", дея қулоқни қоматга келтираётганининг гувоҳи бўласиз. Хўш, нега фарзандимиз унинг ҳар томонлама баркамол ва соғлом вояга етишида жонбозлик кўрсатаётган мактабгача таълим муассасаларига боришни истамайди?
Болаларнинг бўш вақтини қизиқарли ташкил этиш, уларни соғлом, интеллектуал салоҳиятли қилиб тарбиялаш борасида МТМларда жиддий ўзгаришлар қилиш вақти келди. Авваламбор, малакали педагогларни жалб қилиш ёки борларини қайта тайёрлаш, инглиз тили бўйича қўшимча дарсларни киритиш, расм, қўл меҳнати бўйича дастурлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Кеча боғчадан мактабга чиққан фарзандингиз ҳарф танимаса, болангизнинг 4 йил ўтган вақтига ва пулингизга ачинишингиз табиий.
Яқинда қўшнимнинг қизчаси 1-синфга борди. Аммо мактабга чиққач, боғчада вақти бекор кетганлиги, боласининг ҳатто тўғри чизиқ чизишга уқуви йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлди. Демак, замонавий, шароити бор боғчаларнинг мактабга тайёрлов гуруҳининг иш дастурларини ҳам янги педтехнологиялар билан бойитиш лозим. Боғча тарбиячилари болаларга эътиборни кучайтириши, қизиқарли интерфаол ўйинлар билан уларнинг фикрлаш қобилиятини шакллантириши, жамоат жойларида ўзини тутиш каби муомала маданиятини ўргатиши муҳим аҳамиятга эга. Шунда фарзандимиз "Боғчага бораман, аяжон!", деса ажабмас.