Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғча болани вақтинча ушлаб турадиган жой эмас, таълим-тарбия маскани

Ҳа, шундай, боғча ўз номи билан мактабгача таълим ташкилоти. Афсуски, ҳалигача айрим ота-оналар бу масканларни болани кун бўйи олиб ўтирадиган, уларни едириб-ичирадиган жой деб билади. Улар боғчадаги таомнома, тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан қизиқади-ю қандай таълим берилишига кўп эътибор бермайди.

Аслида эса бугун мактабгача таълим ташкилотларига болаларни соғлом овқатлантириш, жисмоний чиниқтириш, таълим-тарбия бериш ва мактабга тайёрлаш вазифаси қўйилган. Ота-оналар ҳам ана шу жиҳатларига қараб, фарзанди учун боғча танлайди. Боланинг қизиқиш, иқтидори ва лаёқатига қараб тўғри танланган муассаса унинг келажакда ўз йўлини топиб олишига мустаҳкам пойдевор қўйишга асос бўлади.

Мисол учун, деярли аксарият болалар расм чизишга қизиқади ёки бирор нарса ясашни истайди. Бу уларнинг кўрган-кечирганларини мустақил тасвирлаш, ўз тасаввурини шу орқали билдиришга интилиши ҳисобланади. Аммо бундай пайтда баъзи ота-оналар боланинг раъйига қарамасдан, ҳамма жойга чизиб ташлама, уни бесаранжом қилма, қоғозни, қаламни исроф қилма, деб дакки беришади. Ва шу ҳаракатлари билан улар ўз фарзандидаги иқтидор, интилишни сўндиришга сабабчи бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-она боласининг кўнглига қараб, у нимани истаётгани, нимага интилаётгани ва қўлидан нима келиши билан қизиқиши, бунга имконият яратиб бериши лозим. Бу борада ота-оналар мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ишласа айни муддао бўларди.

Нафиса Пардаева,
Оқдарё туманидаги 20-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси.