Боғча опаларнинг маоши кам, иши кўп(ми?)

Боғча опалар қанча маош олади? Эртадан кечгача болалар таълим-тарбияси билан машғул тарбиячиларнинг меҳнати осонми? Улар боғчада болаларга нималарни ўргатади?

Ушбу саволларга жавоб излаб, Ургут туманидаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида бўлдик.

Туманда 3-7 ёшли болалар сони 54589 нафар бўлиб, шундан 33819 нафари, яъни 62 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган. Туманда мактабгача таълим ташкилотлари сони 534 та, шундан 75 таси давлат, 444 та оилавий, 12 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 3 та хусусий мактабгача таълим ташкилотларидир.

Дастлаб тумандаги “Мадина Кўзмунчоқ” номли давлат хусусий-шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишдик. Ушбу мактабгача таълим ташкилоти 2019 йилда очилган бўлиб, 150 ўринга мўлжалланган. Боғчада 12 нафар тарбиячи 150 нафарга яқин болаларга таълим-тарбия бермоқда. 

- Боғчамизда нутқида нуқсони бор болалар билан шуғулланадиган логопед педагог бор, - дейди мактабгача таълим ташкилоти директори Ситора Аҳмедова. – Шунинг учун ҳам ота-оналарнинг боғчамизга қизиқиши катта. Яқинда 5 яшар болани боғчага қабул қилдик. Бола билан ота-она кам мулоқот қилган, у фақат телевизор кўриб катта бўлган. Шунинг учун бола деярли гапиришни билмасди. Мана энди у тенгдошлари билан боғчада мулоқот қилиб, гапиришни ўрганди. Логопеддан ташқари тарбиячилар турли муҳитда катта бўлган ҳар хил характерли болалар билан тиллашиши, уларнинг кўнглидан жой топиши, қолаверса, машғулотлар ўтиши керак. Турли табиатли болалар билан ишлаш осон эмас.  

Ота-оналарнинг талабига кўра боғчада каратэ, инглиз ва рус тили тўгараклари ҳам очилган. Рус гуруҳида болалар ёд олган шеърларини айтиб берди. Болаларнинг зукколиги, машғулотга фаол қатнашаётгани ва “Мен айтай”, деб қўл кўтаришидан боғчада яхши таълим-тарбия олаётганига гувоҳ бўлдик.

- Болаларни яхши кўрганим учун тарбиячилик касбида ишлаяпман, - дейди боғча тарбиячиси Дилором Мусаева. – Эрталаб ўйин машғулотлари орқали болаларнинг диққатини жамлаб, сўнгра машғулотлар олиб бораман. Масалан, апрел ойида болаларга иш режа бўйича коинот ва сайёралар ҳақида машғулотлар ўтдим. Машғулотдан сўнг болалар ёзиш, чизиш машқларини бажаради. Кейин бирон ўйин ўйнаймиз. Боғчамиз шанба куни ҳам ишлайди. Шанба куни болаларга машғулотлар ўтмаймиз, улар фақат ўйнайди. Ишимиз эрталаб соат 7:30 дан кечки соат 17:00 гача. Маошимиз 1 миллион 900 минг сўм. Албатта, бу пул рўзғор тебратишга етмайди, аммо касбимни яхши кўрганим учун ишлаяпман.  

Айниқса, қишлоқларда бошқа иш ўрни йўқлиги сабабли маоши кам бўлса-да, аёллар мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат қилади. Бундай касбга ўрта махсус таълим дипломи билан ишга кириш мумкин.  

Кейинги манзилимиз Навбоғ маҳалласида жойлашган 60-давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Мазкур болалар боғчаси 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 5 нафар тарбиячи ва 4 нафар ёрдамчи тарбиячи меҳнат қилмоқда. 

- Олти йилдан бери боғчада тарбиячи бўлиб ишлайман, - дейди Зуҳра Амонова. – Бу касбни танлаган одам аввало, болаларни яхши кўриши керак. Боланинг нимани хоҳлашини билишингиз ва шунга қараб муомала қилишингиз лозим. Гуруҳимдаги болаларга иш-режа ва “Илк қадам” дастури асосида машғулотлар олиб бораман. Масалан, бугун сувга ранг қўшиш тажрибасини ўтдим. Сувга ранг солганда унда содир бўладиган ўзгариш ва сувда қандай кўпик пайдо бўлишини болаларга тушунтирдим. 

Касбимнинг ўзига яраша машаққати бор, аммо ишим ўзимга ёқади. Тўғри, маошимиз унча кўп эмас, барча тарбиячилар қатори мен ҳам 2 миллион сўмга яқин маош оламан. Бу маош ўрта махсус таълим дипломи борлар учун. Олий маълумотли тарбиячиларнинг маоши 3 миллион сўмдан зиёд. Мен яқинда олий маълумотли бўламан, диплом олгач, иш ҳақим ҳам кўтарилади. 

- Боғча мудиралари 2,5 миллион сўм маош олади, - дейди мазкур мактабгача таълим ташкилоти директори Сабина Қодирова. – Жорий йилнинг сентябрь ойидан иш ҳақимиз 5 миллион сўм бўлади. Агар менеджерлик сертификатини қўлга киритсам, маошим 7 миллионга етади.

Боғча тарбиячиларининг иш ҳақини кам десак, мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ҳам олий маълумотли бўлса-да, кам маош олар экан. Ҳар замонда қулоққа чалинадиган боғчалардаги озиқ-овқатдан уриб қолиш, турли ўғирликлар бекорга рўй бермаслигини тушуниб етгандек бўлдик. Озгина маошга масъулиятли касбда ишлашни ҳамма ҳам истамайди-да. 

Сафаримиз чоғида тумандаги “Бинафшажон” номли оилавий боғчада ҳам бўлдик. Боғчада 25 нафар бола тарбияланмоқда. 

- Боғчани онам бошчилигида очганмиз, уч йилдан бери фаолият олиб боряпмиз, - дейди боғча тарбиячиси Мафтуна Ҳазратқулова. – Оилавий боғча тарбиячилари ҳам бошқа мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари сингари 1 миллион 900 минг сўм маош олади. 

Мазкур боғчаларда болалар томонидан ясалган турли буюмлар, расмлар диққатимизни тортди. Дарҳақиқат, булар ортида боғча тарбиячиларининг меҳнати борлигини сезиш мумкин. Уларнинг кун бўйи болалар билан ишлаши, албатта осон эмас. Айрим ота-оналар ўз фарзандлари билан кунни ўтказса, чарчаб кетдим, деб нолийди. Боғча опалар бир гуруҳда 20-25 нафар бола билан ишлайди. 

Масаланинг иккинчи томони, мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли тарбиячилар деярли йўқ. Сабаби, олий маълумотли мутахассис маоши яхшироқ ишда ишлашни истайди.  

Дунё тажрибасига қарасак, ривожланган давлатларда боғча тарбиячилари катта маошга ишлайди. Боғчага олий маълумотли ходимларгина ишга олинади. Аслида ҳам болага тарбия аввало, оилада, сўнгра боғчада берилади. Тарбия қанча сифатли бўлса, самараси шунга яхши бўлади. Шунинг учун боғча тарбиячиларининг, айниқса, олий маълумотли тарбиячиларнинг маошини янада кўтариш керак. 

Тарбиячининг маоши ошса, унинг касбига бўлган меҳри ортади, ҳаётидан мамнун бўлади, болалар билан янада яхшироқ ишлайди. Ижтимоий тармоқларда кунора пайдо бўладиган боғча опанинг болаларга қилган зуғуми тасвирланган видеолар камаяди. Муҳими, болалар сифатли таълим-тарбия олади. 

Хуршида Эрназарова.