Боғчада илк бор ҳарбий гуруҳ ташкил этилди

Самарқанд шаҳридаги 121-МТТда СамДТИ ҳарбий кафедраси билан ҳамкорликда "Ҳарбийлашган ватанпарвар” гуруҳи ташкил этилди.
33 нафар болажон тарбияланаётган гуруҳда кун тартиби, машғулотлар, таълим-тарбия ҳарбий кафедра мутахассислари ҳамда ҳарбийлар билан ҳамкорликда ташкил этилади.
- Мақсадимиз ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватанни севиш, уни ардоқлаш, юртга содиқ хизмат қилиш туйғуларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат, - дейди СамДТИ ҳарбий кафедраси ўқув бўлими бошлиғи М.Зарипов. – Нафақат машғулотлар, балки ҳарбий либоснинг ўзи ҳам кишида касбига нисбатан масъулиятни уйғотади, ҳаётга теран нигоҳ ташлашга ундайди. Эътиборлиси, ҳарбий гуруҳимизда ўғил болалар билан бирга қизлар ҳам тарбияланади. Ишонамизки, бу ерда юртимизга содиқ фарзандлар камол топади.
Тадбирда Марказий ҳарбий округнинг маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри, фахрийлар, маҳалла фаоллари ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.