Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғчага борган бола жамиятга тез мослашади

Уч ёшдан етти ёшгача бўлган боғча ёши болаликнинг катта бир қисмини ташкил этади. Aсосан шу даврдан бошлаб боланинг мустақил фаолиятлари ривожланади ҳамда шахсий индивидуал хусусиятлари (инсоний фазилатлари) шаклланади.

Машҳур рус педагоги Пётр Лестгафнинг фикрича: “Инсоннинг боғча ёшидаги даври мобайнида келгусида қандай хислатлари пайдо бўлиши белгиланади ва ахлоқий сифатларининг асослари юзага келади”.

Боғчада болаларнинг биргаликда таълим-тарбия олиши, ўйнаши ва овқатланиши уларда жамоа туйғусини юзага келтиради. Гуруҳ бўлиб бир ўйинни ўйнаш ёки бошқа вазифани бажаришда ўз хатти-ҳаракатларини келишиб олиш, ролларни тақсимлаш ва бир-бирларига ёрдам бериш каби жамоа ҳаётига оид фазилатлар намоён бўла бошлайди. Бироқ боғча ёшидаги даврда болалар жамоага эндигина кириб келаётганини унутмаслик лозим. Болалар жамоани мустаҳкамлашда юзага келаётган ўзаро мураккаб муносабатлари, яъни бир-бирига бўйсуниш, ён босиш кабилар катта роль ўйнайди ҳамда болаларнинг психик тараққиётига ёрдам беради.

Боғча ёшидаги болаларнинг ўз хатти-ҳаракатларини маълум вазифаларни адо этишга бўйсундира олишлари, кучайиб бораётган қизиқиш ва ақлий тараққиёт даражалари уларни маълум таълимий дастур асосида тарбиялаш имконини беради. Боғчада тўғри йўлга қўйилган тарбиявий ишлар, болаларда меҳнат фаолиятининг ошиши ҳамда билимга қизиқишни шакллантиради.

Боғча ҳаётининг кўп қиррали ва сермазмунлиги болалар билиш фаолиятларининг кенгайишига ҳамда чуқурлашишига ёрдам беради.

Лекин ижтимоий тараққиётнинг бундай етуклик босқичига бола ўз-ўзидан кўтарилмайди. Уни бу босқичга боғчадаги ва оиладаги бутун таълим-тарбиянинг натижаси кўтаради. Бола етти ёшга тўлганда у жисмоний жиҳатдан анча ўсади, ўзини идора қилишга, ножўя хатти-харакатлардан ўзини тийишга, хулқ-атвор қоидаларини ўзлаштиришга ҳаракат қилади. У ўзини бемалол эплайдиган бўлади, ўз кучига яраша меҳнат қила олади, жамоада яшашга кўника бошлайди. Бу даврда боланинг турмуш тажрибаси анчагина ортади. Кўп нарсаларни номини ва улардан қандай фойдаланишни билади. Хотираси ва тасаввурлари ривожланиб, бир қатор шеър ва ҳикояларни мустақил ёдлай олади. Етти ёшли боланинг нутқи маълум даражада ривожланиб, сўз бойликлари ортади, натижада у ўртоқлари ва катталар билан эркин суҳбат қиладиган бўлади. Етти ёшга тўлган болаларда ҳаракатлар ҳам мустаҳкамланади. У қайчи, игна, қалам, ручка каби ўқув қуролларидан фойдаланиш малакасини эгаллай бошлайди. Бироқ бу даврда болада беихтиёр фаоллик ҳам устунлик қилади. Шу сабабли болани қизиқтирадиган ёки унга кучли таъсир қиладиган нарса-ҳодисалар диққатини ўзига жалб қилади.

Бола ўқиш машғулотларидан бўш пайтида турли хил ўйинларни ўйнашда давом этаверади. Ўйин жараёнида у ўз-ўзини идора қилишга, харакатларини ўйин қоидаларига бўйсундиришга, жавобгарликни сезишга, жамоа манфаатини устун қўйишга одатланади. Ўйин ва боғчадаги дидактик машғулотларда болаларнинг ақл-идроки, хотира ва тафаккури ўсади. Бу ўз навбатида, боланинг мактабда ўқий олиши учун психологик замин тайёрлайди. Бундай заминни тайёрлаш ва мустаҳкамлашда, албатта, оилада ҳамда болалар боғчасида олиб борилган таълим ва тарбия ишлари ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Мутахассис сифатида юқоридаги гаплардан ташқари яна шуни таъкидлашим жоизки, болангизнинг келажаги боғчадан ва унга берилаётган эътибордан бошланади. Унинг жамиятга тез мослашиши, киришимли ва теран тафаккур қила олиши учун ҳам боғча ва ундаги таълимнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс.

Чарос Aбдураҳмонова,

Самарқанд давлат университети мактабгача таълим кафедраси ўқитувчиси.