Божхона бошқармаси “Ишонч телефон”ига 11 ойда аҳолидан 78 та мурожаат тушди

Тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, йўл қўйилаётган хатоликларнинг олдини олишда, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланишида, таклиф ва тавсияларни ўрганишда “Ишонч телефон”лари муҳим аҳамият касб этяпти. Зеро, “Ишонч телефон”лари халқ билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усулларидан бири эканини таъкидлаш лозим.

Жорий йилнинг 11 ой давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66)233-63-00 рақамли “Ишонч телефон”ига 78 та мурожаат келиб тушди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг 1108 рақамли “Ишонч телефон”и орқали эса вилоят бошқармаси фаолияти юзасидан жами 23 та мурожаат келиб тушган. Шундан 12 таси жисмоний шахслардан билдирилган бўлса, 11 таси юридик шахсларга тегишлидир.

Хўш, “Ишонч телефон”ларига келиб тушаётган мурожаатларда қандай масалалар ўз аксини топмоқда? Масалан, 21 нафар фуқаро божхона расмийлаштируви бўйича, 14 нафари эса имтиёз бериш тўғрисида мурожаат этган.

Ўтган давр мобайнида 4 маротаба бошқарманинг “Ишонч телефонига” бевосита ходимларнинг хатти-ҳаракати юзасидан мурожаат қилинган.

Мазкур мурожаатлар юзасидан текширув ўтказилганда, божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракат содир этганлиги ўз тасдиғини топмаган.

Ҳурматли фуқаролар! Сизнинг вилоят божхона бошқармаси “Ишонч  телефони” (66-233-63-00) орқали келиб тушган мурожаатларингиз жавобсиз қолдирилмайди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.