Божхоначилар қачон тамагирлик қилиши мумкин?
Тизим ходимларининг коррупцияга қарши иммунитети кучли бўлса, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг “қўлига қарамайди”.
Шу боис божхона органларида “Коррупцияга қарши маърифат” шиори остида ҳар бир ходимда билим, “иммунитет”, шунингдек, имон-эътиқод, ҳалоллик каби сифат ва ҳиссиётларни шакллантиришга қаратилган мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ўтказилган ана шундай тадбирда божхона ходимлари ва уларнинг яқин қариндошлари иштирок этди.
Қайд этилганидек, 2019 йилда бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича 54 марта маърузалар ташкил қилинган. Тамагирлик, порахўрлик ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида ходимлар иштирокида 44 марта индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.
Амалиётда учраётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш борасида чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган 225 нафар йўловчилар билан аноним сўровномалар ўтказилган.
Бошқарма ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан 17 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Шунингдек, 41 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Ўзаро суҳбат давомида ўз нафсининг қурбонларига айланган нопок кимсаларнинг қилмишлари акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги, “Руҳобод” жоме масжиди имом-хатиби Тўлқин Амиров ва Ўзбекистон божхона фахрийлари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Фарҳод Муқумовлар иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.