Электрчилар ўз ишларини нечоғли маҳорат билан бажаришади?

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалининг ўқув-машғулотлар полигонида “Касб маҳорати” мусобақасининг республика босқичи ўтказилмоқда.

Уч кун давом этадиган беллашувларда республикамизнинг барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг тақсимловчи тармоқлар қурилмаларини таъмирлаш бўйича усталари, диспетчер, тақсимловчи тармоқлар қурилмаларига хизмат кўрсатувчи электромонтёрлардан иборат 14 та жамоа ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказмоқда. 

Тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раҳбарлари мусобақа ходимларининг меҳнатни муҳофаза қилиш, иш жараёнида хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий амал қилиш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Мусобақа иштирокчилари шартли электр қурилмасида юзага келган ёнғинни ўчириш, носозликни бартараф этиш, жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби мураккаб ва ҳаётий вазифаларни бажаришда ўз малакаларини амалиётда кўрсатиб беради. Шунингдек, улар нафақат касбий маҳоратда, балки ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик ҳамда хавфсизлик қоидалари билиш борасида ҳам синовдан ўтади.