“Светингиз бўлмаса ўзингиз ишлаб чиқаринг, айб ўзингизда”: Самарқанд электр тармоқлари мансабдори электрдан шикоят қилган фуқарога шундай жавоб берди
Ўтган ҳафта ҳавонинг бироз айниши ортидан вилоятнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар рўй берди. Ҳолат ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг турли постларига сабаб бўлди. Уларнинг баъзиларида электр таъминотидаги муаммолар муҳокамаси фуқаро ва электр таъминоти мутасаддиларининг ўзига хос айтишувига ҳам сабаб бўлди.
Жумладан, фейсбук фойдаланувчиси Ю.Ш.нинг электр ва табиий газ таъминоти муаммолари билан боғлиқ постига “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ мансабдор шахси қуйидагича жавоб берди:
“Ушбу муаммонгиз борми, демак айб ўзингизда, светингиз бўлмаса ўзингиз ишлаб чиқинг ҳамма шароит бор, уйингиз совуқ бўлса ёзда уйингизни утеплитель материаллар билан қоплаш керак эди, ўтин кўмир тезак йиғиш керак эди, бизлар бировни айблашга устамиз, лекин кўзимиздаги чўпни кўрмаймиз”.
Хўш, мансабдорнинг электр таъминоти сифатига эътироз билдирган фуқарога мазкур муносабати қанчалик тўғри? Келинг, вилоятдаги бошқа расмий ташкилотларнинг мазкур ҳолатда қандай позиция танлашини кўриб чиқамиз.
Айтайлик, фуқаро солиқ, банк, ИИБ ёки бошқа соҳадаги муаммо бўйича ижтимоий тармоқда пост қолдирди. Бундай вазиятда вилоятда шаклланган одатга кўра, тегишли ташкилот вакили фуқаро билан алоқага чиқиб, муаммо пайдо бўлган ҳудудни аниқлаб, ўрганиб чиқади ва ўз муносабатини билдиради. Аммо ҳеч қачон “муаммо борми, демак айб ўзингизда” қабилидаги муносабат билдирилмаган.
Электр таъминоти соҳасида бу каби “айтишув”лар кейинги вақтларда тез-тез кўринаётганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, электр ва газ муаммолари бўйича худди шу фойдаланувчига корхонанинг яна бир мутасаддиси “таппи кўпку” дея изоҳ берган ва "шукур қилиш керак"лигини бот-бот эслатган.