Судга даъво аризаси беришдан олдин энди сунъий интеллект билан “гаплашасиз”

2024 йил 1 ноябрдан бошлаб, судларнинг ички ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани натижасида қисқа даврда давлат бюджетидан 638 миллион сўмлик харажатлар иқтисод қилинган. Энди буни изчил давом эттириш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш керак, деган эди давлат раҳбари 7 февраль куни суд фаолиятини яхшилаш, очиқлик варақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда.
Бу иш узоқ чўзиб ўтирилмади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 август куни «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжат қоғозбозлик ва инсон омили таъсирини камайтиришга, шунингдек, суд жараёнларини рақамлаштириш орқали фуқароларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хўш, фармон билан тизимда нима ўзгармоқда, у одамларга қандай қулайлик яратади?
Аксар ишлар онлайнга ўтади
Фармонга кўра, юртимизда босқичма-босқич «Рақамли суд» концепцияси жорий этилади. Жумладан, жорий йил охиригача Тошкентда тажриба тариқасида рақамли технологиялар билан жиҳозланган замонавий суд заллари пайдо бўлади. Концепция 2026-2027 йилларда тажриба натижаларига кўра, босқичма-босқич республиканинг барча судларига татбиқ этилади.
Илгари фуқаролар ва тадбиркорлар аксарият ҳолларда ариза ёки даъвони қоғоз шаклида, суд девонхонасига шахсан келиб топширарди. Табиийки, бу қўшимча вақт ва харажатларни талаб қиларди. Энди судларга мурожаат фақат электрон шаклда қабул қилинади ва суд ишлари тўлиқ рақамли кўринишда юритилади.
Фуқаролар даъво аризаси беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд жараёнининг эҳтимолий натижасини ва у билан боғлиқ харажатларни башорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Суд харажатлари ҳам онлайн ҳисоблаб чиқилади ва тўланади. Бу эса коррупция хавфини камайтиради.
Шунингдек, тарафлар барча иш материаллари билан электрон тарзда танишишлари мумкин бўлади. Мажлис баённомалари реал вақт режимида автоматик тарзда шакллантирилади, суд ҳужжатлари лойиҳалари эса тизим томонидан генерация қилинади.
Дарвоқе, процесс иштирокчилари ҳам судьянинг рухсатисиз суд биносига келмаслиги ва суд мажлисига масофадан туриб уланиши мумкин бўлади.
Рақамлаштириш дастури
Ҳужжатда 2026 йил 1 январдан туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилиши белгиланган. Уларнинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилади. Бу суд тизими самарадорлигини ошириш ва тадбиркорларнинг одил судловдан фойдаланишини соддалаштириш имконини бериши кутилмоқда.
Яна бир янгилик, маъмурий ва иқтисодий ишлар экстерриториал тартибда, яъни ҳудудларга боғламасдан кўриб чиқилиши белгиланди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларга фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича бирламчи маълумотлар Ягона давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
2025−2027 йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш учун дастурий таъминот яратиш, my.sud.uz порталида сунъий интеллектга асосланган виртуал маслаҳатчини жорий этиш, шунингдек, янги интерактив хизматлар ва «Шахсий кабинет» платформасининг янгиланган версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Жорий йил якунига қадар эса Олий суд ва тергов органлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, жарималарни кузатиш ва тўлаш бўйича мобил илова ишлаб чиқиш, «Рақамли ҳукумат» тизими маълумотлар базаларини суд тизими билан интеграция қилиш, шунингдек, маъмурий ишлар бўйича ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигининг «E-ma'muriy ish» тизими орқали электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган.
Инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя
«Рақамли суд» концепцияси ҳамда фуқаролар ва суд тизими ходимлари учун замонавий шароитлар яратишни инобатга олган ҳолда янги бинолар барпо этилади.
Судларнинг моддий-техник базаси ва судьяларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилди. 2025-2030 йилларга мўлжалланган режада 162 та янги бино қуриш, 82 та судни реконструкция қилиш ва 93 тасини капитал таъмирлаш, судьяларни хизмат уйлари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 5 йил муваффақиятли ишлаган судьяларни ҳозиргидек 10 йилга эмас, бирданига муддатсиз даврга тайинлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, судьялик лавозимига кўтарилиш ва қайта тайинланишнинг аниқ мезонларини белгилаш, суд раислари ва Судьялар олий кенгаши аъзоларини сайлашда судьялар ҳамжамиятининг иштироки жараёнини демократлаштириш таклиф этилмоқда.
Президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда қайд этилишича, фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилаётган даъволарнинг катта қисми низосиз ишлардир. Шу муносабат билан бундай масалаларни кўриб чиқишни маъмурий органларга (нотариусларга) ўтказиш режалаштирилмоқда.
Фурқат АНОРОВ,
вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати судьяси.