Бокс бўйича жаҳон чемпионати якунлари: Ўзбекистон биринчи ўринда!

Кеча Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионати якунига етди.

Чемпионатнинг асосий ва сўнгги жанги энг оғир вазн тоифасида (+91 кг) финалга чиққан ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Қамшибек Қонқабаев ўртасида кечди.

Жангда ҳакамлар бир овоздан ўзбекистонлик боксчи ғалабасини эълон қилди ва Б.Жалолов жаҳон чемпионатларидаги ўзининг илк олтин медалини қўлга киритди. Баҳодир ўзининг азалий рақиби билан ўзаро ҳисоб-китоб бўйича олдинга чиқиб олди. Бунгача мазкур боксчилар ўзаро 4 марта тўқнаш келишган ва ҳисоб 2:2 кўринишида турган эди.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси турнирда 3 та олтин,  битта кумуш ва битта бронза медалларга эга чиқиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Мезбон жамоа Россия эса 3 та олтин медаль билан иккинчи, Қозоғистон ва Куба вакиллари биттадан олтин медаль билан кейинги ўринлар билан кифояланишди.

Ўзбекистонлик боксчилар жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини қайд этишди. Улар 2017 йили Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза олишганди.

Олтин медаль:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров

-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов

+91 кг: Баҳодир Жалолов

Кумуш медаль:

-81 кг: Дилшодбек Рўзметов

Бронза медаль:

-69 кг: Бобоусмон Батуров