Болагинам, тирикмисан?

Кишини лоҳас қилувчи иссиқ кечга бориб ўз забтидан анча тушди. Самода милт-милт юлдузлар кўрина бошлагандагина чарчоқнинг зўридан юмилай-юмилай, деб қолган кўзлар бир-бирига термилди.

Далани саранжомлаб, уйларига қайтишаркан Гулсара опанинг юраги безиллади. Чоли алламаҳалгача ғўзалари билан қолиб кетадиган одат чиқарган. Тинчлик замон бўлганида Гулсара опа "Ким билан мунча қолиб кетдинг", деб тўполон қилармиди? Ҳозир вазият бошқа. Ёлғиз ўғли Шорасул ўзга элларда душман билан қон кечиб жанг қилмоқда. Қачонлардир келган, "Онажон, соғиндим!" мазмунидаги хатларгина шўрлик онанинг ўксик қалбини буткул парчаланишдан тутиб турибди.

Гулсара опа ичкарига кириши билан молхона тарафдан қўйларнинг маъраши эшитилди. Чорпоя ёнида ётган ит пинакка кетган шекилли, эринибгина бошини кўтарди, эгасини таниб, думини ликиллатиб қўйди-ю, яна уйқуга кетди.

Опа ҳайвонларга емиш ташлаб келиб, сўрига узалди. Кўз олдига яна ўғли келди. Авваллари Шорасулдан тез-тез хат келиб турди. Ҳар ёзганида ўзининг саломат экани, отаси, онаси, қишлоғини соғинганини ёзарди. Мана, бир йил бўлди, ўғлидан ном-нишон йўқ, бедарак кетди... Ўткир ака дунёдан қўл ювган кишидек даладан бери келмай қўйди. Кетмонини елкасига илганча азонда чиқиб кетади. Шу бўйи алламаҳалгача қорасини кўрсатмайди.

Гулсара опанинг қоп-қора сочларига бир кечада қор ёғди... Қадди букилиб, бир йил ичида ўн йилга қариди. Мана, ўз ҳусни билан мағрур ой ҳам анча баландлаб қолди, опанинг кўзларидан қайноқ ёшлари қуйилиб келаверди. Гўёки ойда фарзанди аксини кўргандек, унда Шорасулнинг кўркам юзлари кулиб, "Онажон, йиғламанг", дегандек туюлди.

Ўғлини узоқ дуо қилди. Дуода ҳар галги гапни қайтарарди:

"Болагинам, тирикмисан?"

Дилрабо ШОДИЕВА,

Нарпай туманидаги 34-мактаб ўқитувчиси.