Болалар учун китоблар кўп, аммо мазмуни…

Тўғри, бу борада хусусий ва давлат нашриётлари ранг-баранг китобларни чоп этмоқда. Лекин уларнинг сони кўп-у, мазмун-моҳияти талабга жавоб бермайди.
Мисол учун, "Эртаклар оламига саёҳат", "Эртаклар водийси" номли туркум эртаклар тўпламлари мавжуд. Бу китоблардан ўрин олган эртакларнинг аксариятида на маъно бор, на мантиқ. "Эртаклар водийси" китобининг 5-сонини қизимга олиб бердим. Китобда ҳар бир эртакдан кейин болаларнинг фикрлашлари учун машқлар, мақоллар берилгани эътиборли. Аммо биринчи ҳикояданоқ ҳафсалам пир бўлди. Биз ёшлигимиздан эшитиб катта бўлган "Олтин тарвуз" эртагининг салгина бошқа шакли – "Оқкўнгил бобо билан қуш". Унда айтилишича, "Қадим замонларда бир ўтинчи ёлғиз яшарди. Бир куни яраланган қушни учратди ва уйига олиб келди. Уйидаги кекса бир аёл уни ёқтирмай ҳайдади. Ва қуш кетиб қолди". Энди ўйлаб кўринг, бобо ёлғиз яшарди, деб айтилди. Кейин бунга зид равишда унинг рафиқаси пайдо бўлди. 
– Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини миллий анъаналар, қадриятлар асосида билимли, Ватанга фидойи қилиб тарбиялаш жараёнида бадиий адабиёт муҳим аҳамият касб этади, – дейди СамДУ доценти Азмиддин Носиров. – Аммо бугун ўзбек адабиётида болалар адабиёти юксак чўққига кўтарилмади. Чунки бу соҳада қалам тебратаётган адиблар бармоқ билан санарли. 
Шу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев фикрлари нечоғли ўринли эканига амин бўламиз. "Миллий руҳиятимиз акс этган, миллий қаҳрамонларимизнинг, халқимиз даҳосининг улуғ мақсадларини ўзида жамлаган, шулардан озиқланган асарлар керак бугун. Миллий кино, миллий театр, албатта, адабиётдан куч олади. Шундай экан, ўзбек боласининг қалбини тинглаб, унинг юрак уришига мос асарлар яратишимиз керак", деб ёзади адибимиз.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,
Мақоланинг тўлиқ матнини «Зарафшон» газетасининг 50-сонида ўқинг!