Болалар учун ёзги соғломлаштириш оромгоҳи: 115 та мактабга электрон доска берилди

Самарқанд шаҳар 9-умумий ўрта таълим мактабида болалар учун ёзги соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқармаси бошлиғи Индира Холдарова ва соҳа мутахассислари ушбу оромгоҳ фаолияти билан танишди.
- Ёзги таътилни мазмунли ўтказиш ҳамда “Долзарб 90 кунлик” дастур доирасида вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида 57 та ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этдик, - деди мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Айниқса, таълим сифати паст мактабларда ёзги таътилда фан тўгаракларига ўқувчиларни жалб этишни йўлга қўйдик.
Мактабда ташкил қилинган ёзги соғломлаштириш оромгоҳи 12 кундан бўлиб, жами 48 кун давом этади. Оромгоҳга жалб этилган болалар эрталаб бадантарбия машғулотларини бажаради. Сўнгра ўқувчиларнинг қизиқишига қараб тўгаракларга жалб этилади. Мактабда инглиз тили, китобхонлик, робототехника, моҳир қўллар, сеҳрли қалам, футбол, стол тенниси, қўл жанги, шахмат-шашка каби ўнлаб тўгараклар фаолият кўрсатяпти.
- Мактабда робототехникадан тўгарак машғулотлари олиб бораман, - деди информатика фани ўқитувчиси Шаҳноза Раҳматова. – 2020 йил мактабимизга информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган мактаб мақоми берилди. Шу асосда мактабга вазирлик томонидан робототехника анжомлари совға қилинди. Шундан буён ҳар йили ўқувчиларим робототехникага оид кўрик-танловларда қатнашиб, совринли ўринларни олиб келяпти. Масалан, жорий ўқув йилида ўн нафар ўқувчим билан Хитой давлатида бўлиб ўтган робототехникага оид кўрик-танловда қатнашдик. Танловдан ўқувчиларим олтин медаллар ва қимматбаҳо совғалар билан қайтди. Шунингдек, республика “Баркамол авлод” томонидан ташкил этилган кўрик-танловда 5 нафар ўқувчим фахрли ўринларни қўлга киритди.
Мактаб ўқувчилари ҳар йили хорижий кўрик-танловларда онлайн қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келяпти. Айни пайтда ўн нафар юқори синф ўқувчиси қуйи синф ўқувчиларига робототехникага оид машғулотлар олиб боряпти.
Моҳир қўллар тўгарагида ўқувчи қизлар томонидан бир-биридан чиройли кашта, мунчоқли безаклар тикиляпти. Сеҳрли қалам тўгарагида ўқувчилар расм чизяпти, спорт тўгаракларида турли машғулотлар олиб бориляпти. Хуллас, ўқувчилар ўзларига ёққан тўгаракда ёзги таътилни мароқли ўтказяпти.
Бундан ташқари, кейинги йилларда умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси янгиланиб, замонавий электрон доскалар билан босқичма-босқич таъминланяпти. Ушбу тадбирда ҳам мактаб директорларига электрон доскалар берилди.
- Ўтган йили давлатимиз раҳбари топшириғига асосан вилоят ҳокими 624 та мактабга электрон доска олиб берганди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш шуъбаси бошлиғи Муродулла Якубов. – Унинг давоми сифатида бугун вазирлигимиз томонидан 115 та мактабга жами 2 млрд сўмлик электрон доска бериляпти. Дарс жараёнларида ўқувчиларга қулайлик яратиш, уларни янада фанга қизиқтириш мақсадида мактаблар электрон доскалар билан таъминланяпти.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.