Болангиз қаерда чўмиляпти?
Мисол учун, 2013 йилда 22, 2014 йилда 9, 2015 йилда 7, 2016 йилда 6 ва 2017 йилда 18 нафар фуқаролар турли сабабларга кўра, сувда чўкиб вафот этганлар.
Бу каби ҳолатлар асосан Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, Каттақўрғон, Ургут, Самарқанд, Булунғур ва Нарпай туманларида нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Охирги 2 йил давомида фуқароларнинг сувда чўкиб вафот этиши Дарғом ва Нарпай каналлари, Катттақўрғон сув омборининг чиқиш канали, Зарафшон дарёсида ва Каттақўрғон сув омборида кўпроқ қайд этилган. Ҳалок бўлган фуқароларнинг 42,5 фоизини 23 ёшдан 53 ёшгача, 35 фоизини 13 ёшдан 22 ёшгача бўлган фуқаролар ва 22,5 фоизини 12 ва ундан кичик ёшда бўлган болалар ташкил этмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни Паст Дарғом туманидаги Олтиқаҳрамон маҳалласидан оқиб ўтувчи "Анҳор" каналида 2012 йилда туғилган 6 ёшли бола жонсиз ҳолда топилган ва унинг сувда чўкиб, ҳалок бўлганлиги аниқланган. Катта ёшдагилар ўртасида сувда чўкиб вафот этишнинг 70 фоизи спиртли ичимлик истеъмол қилиб чўмилиш, ёш болаларнинг 95 фоизи эса ота-оналар томонидан назоратсиз қолдирилганлиги оқибатида рўй берган.
Эслатиб ўтамиз, рухсат этилган сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўмилиши учун барча шароитлар яратилган бўлади. Қутқарувчи ғоввослардан иборат қутқарув постлари ташкил этилади. Тақиқланган ҳудудларда бундай шароитлар бўлмайди, ушбу сув ҳавзалари чўмилиш учун умуман талабга жавоб бермайди, қутқарувчилардан иборат қутқарув постлари ташкил этилмайди. Бу каби жойларда сув оқими тез бўлиши, санитария-гигиена ҳолати талабга жавоб бермаслиги мумкин.
Анвар ТУРДИҚУЛОВ,
вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази ўқитувчиси.