Боланинг ота-онасидан алимент ундириши қонун билан белгиланди

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунида алоҳида норма белгиланган.

Умуман, ушбу қонун билан Оила кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.

Оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир.

Вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли. Давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг мурожаатларини кўриб чиқиш унинг қонуний вакиллари, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокида амалга оширилиши мумкин. Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Мурожаатда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган давлат органлари, ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари мурожаатни тегишли давлат органига, бошқа ташкилотга ёки мансабдор шахсга ёхуд васийлик ва ҳомийлик органига юбориши шарт.

Ушбу қонун БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 12 ва 13-моддаларини, шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш натижасида берилган тавсияларни амалга оширишга қаратилган.