Бўлган воқеа: Онангиз билан суратга тушганмисиз?

Данғиллама уй қаршисида турган киши аста қўнғироқ тугмасини босди. Ичкаридан “ҳозир” деган товуш эшитилди ва зум ўтмай ўша машҳур одам кўринди. 

— Одамларга ўрнак бўладиган хислатларингиз анча, - деди машҳур одамнинг хонадонига кириб келган ношир. — Шу сабаб сиз ҳақингизда китоб ёзишни ният қилдик. Маълумотларни йиғдик, етмаганини сўраймиз. Фақат шахсий фотосуратларингиздан олсак дегандик...

— Албатта, - деди машҳур одам жилмайиб жавондан фотожамланмасини оларкан, — марҳамат, истаган суратингизни танлаб олаверинг, расмлар етарли...

— Ташаккур!

— Манави суратда давлат арбоблари, бунисида номдор санъаткорлар билан расмга тушганман. Бу эса оилам: рафиқам, фарзандларим... Бунисида ҳамкасбларим қуршовида ўтирибман.

— Хўп ажойиб, - ношир альбомни варақлади. - Аммо... нашриётимиз муқаддимага онангиз билан тушган суратингизни қўймоқчи эди. Шу суратни топиб бера оласизми?

Машҳур одам бир зум ўйланиб қолди, суратларни барини бирма бир кузатиб чиққач, мулзамлик билан жавоб қайтарди:

— Буни қаранг... онам билан иккимиз бирор марта суратга тушмаган эканмиз. Буни... энди пайқабман, - у шундай деб альбомни жойига қўйди. - Одамларга ўрнак бўлишимга ҳали вақт бор кўринади, ука. Онам билан суратга тушганимда келарсиз...

Ношир кетди.

Сиз-чи? Онангиз билан суратга тушганмисиз?..

Нодирабегим Иброҳимова.