Бўлган воқеа: Оқибат йўқолмасин

Кўпинча одамлар ўртасида меҳр-оқибат қолмади, деган сўзлар қулоққа чалиниб қолади. Агар шундай бўлаётган экан бунга ким айбдор?

Шубҳасиз, ўзимиз. Бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, далда бериш, кўнгилни кўтаришга бир оғизгина ширин каломимизни раво кўрмаймиз. Бугун шу даражага етибмизки, инсон қадр қиммати икки-уч минг сўм олдида ҳеч нарса бўлмай қолди...

Бир отахон йўналишсиз такси ҳайдовчиси билан тортишяпти.

- Шифохонадан чиқдим. 5 минг сўм пулим бор. Ана шу пулга мени олиб кетсанг.

- Бўлмайди, бобо. 10 минг сўм берасиз. Биз ҳам бекордан-бекорга юрганимиз йўқ. Ёқилғи олишимиз керак, машинанинг бузилиши бор.

Бу нима деган гап ахир? Нима бўляпти, ўзи? «Хўп, отахон пулингиз бугун бўлмаса, эртага бўб қолар, бир дуо қилиб қўйсангиз ҳам бўлади», дейиш ҳам мумкин-ку. 

Меҳр-оқибат шунчаям пулдан устун бўлдими? Нима бўлганда ҳам бу ўткинчи дунёда одам одамга ғанимат. Шундай экан, бир-биримиздан ширин сўзимиз, меҳримизни дариғ тутмайлик.

Ҳусниддин Холдоров.