Бўлғуси мухбирлар “Маҳорат мактаби”да тобланди
Вилоят "Матбуот уйи"да “Босма нашрларда ёш мухбирларнинг ўрни ва роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, вилоят, шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари, телевидение, газеталар ва интернат сайти мухбирлари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳузуридаги “Маҳорат мактаби” тингловчилари иштирок этди.
Тадбирда Х.Салимов бугунги журналистика, соҳани ривожлантириш учун давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар, айниқса, ёшларнинг эркин ижод қилишлари учун бошланган хайрли ишларнинг изчил давом этаётгани, ёш мухбирларнинг мақсади бугунги ахборот асрида ахборот тарқатишни сифатли, холис амалга ошириш сирларини ўрганиш, ўрганганларини амалиётда қўллаш экани ҳақида тўхталди.
Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳузуридаги “Журналистик маҳорат мактаби” тингловчиларига сертификат бериш маросими билан давом этди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу мактаб “Зарафшон” газетаси қошида бундан 18 йил аввал ўз фаолиятини бошлаган. Айни пайтда бу мактаб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳузурида фаолиятини давом эттирмоқда. Мактабда ҳозирга қадар 250 нафарга яқин тингловчи таҳсил олди. Уларнинг кўпчилиги республика ва вилоят босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиоканалларда фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, “Журналистик маҳорат мактаби” давомчиси сифатида 16 та шаҳар ва туман газеталари таҳририятлари қошида ижодий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ёш қаламкашларга ижод сир-асрорлари ўргатилмоқда.
Маҳорат мактаби 2023 йил декабрь ойида фаолият бошлаб, шу кунга қадар - 6 ой давомида тингловчиларга вилоятда фаолият кўрсатаётган тажрибали ва таниқли журналистлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида дарс берди. Хусусан, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари таҳририяти ҳамда Журналистлар уюшмаси аъзолари ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди, журналистиканинг сир-асрорларини ўргатди.
Ижодий дарслар давомида миллий матбуотимиз тарихи ҳамда ҳозирги жамиятдаги ўрни ва роли, ахборот жанрлари: хабар, ҳисобот, интервью, репортаж, бадиий-публицистик жанрлар: лавҳа, очерк тайёрлаш, нотиқлик ва нутқ маданияти, фотожурналистика, видеотасвир, монтаж, матбуот хизматининг жамоатчилик билан алоқаси каби мавзулар орқали журналистика ўқитилди. Шунингдек, Самарқанд телерадиокомпанияси амалий иш жараёни билан таништирилди.
Олти ойлик курс давомида “Маҳорат мактаби” тингловчилари томонидан махсус “Зиё” ўқув газетаси тайёрланди ва чоп этилди. Газета тайёрланиш жараёнига тингловчиларнинг ўзлари масъул бўлди ва ўзларининг танқидий-таҳлилий, мулоҳазали материаллари жамланиб, чоп этилди.
- Самарқанд давлат университетининг филология факультети ноширлик иши йўналишида таҳсил оламан, - дейди тингловчилардан бири Гўзал Хуббимова. – Журналистика соҳаси, айниқса, газета мухбирлигига қизиқаман. Шунинг учун дарсдан кейин “Маҳорат мактаби”га қатнадим. Бу ерда олган амалий сабоқларимиз университетда олган назарий дарсларимиз билан уйғунлашиб, журналистика нима эканлигини англадик. Дарс машғулотларидан кейин “Самарқанд матбуот музейи”га қилган саёҳатимиз бизга жуда кўп маълумотларни тақдим этди. Олти ой давомида кўп маълумотларга эга бўлдик, ўқиб ўргандик.
Тадбир давомида 13 нафар тингловчига Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими қошидаги “Журналистик маҳорат мактаби”ни муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатлар тантанали тарзда топширилди.
Ҳусан Элтоев.