Бош прокуратура биноси олдида 3 нафар аёл асоссиз важ билан норасмий норозилик намойишини ўтказган
2019 йил 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев томонидан видеоконференция алоқаси орқали республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг қабули ўтказилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қабул давомида бош прокурор томонидан 27 нафар жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг мурожаати тингланган.
Мурожаатларнинг 18 таси суд масалалари, 3 таси прокуратура иш юритувига, 4 таси ички ишлар фаолиятига, 2 таси ижро масаласига оид мурожаатларни ташкил этган.
Шунингдек қабул жараёнида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2019 йил 4 июлдаги хатида кўрсатилган 13 нафар аёллардан 10 нафари қабул қилинган.
Шу билан бирга, бош прокурор қабули ўтказилаётган вақтда қолган 3 нафар аёл (Тошкент вилоятида яшовчи М.Акбарова, И.Солиева, Р.Адилова) Бош прокурор қабули ўтказиладиган манзилга (Тошкент вилоят прокуратураси) таклиф этилган бўлсада, белгиланган вақтда ушбу манзилга келмасдан, бир гуруҳ шахслар билан биргаликда Бош прокуратура биноси олдида бош прокурор томонидан фуқароларнинг қабули ўтказилмаганлиги ҳақидаги асоссиз важ билан норасмий норозилик намойиши ўтказилган.
Бош прокуратура томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқиш борасида ишлар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.