Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бошқа маҳалладаги қизни истироҳат боғига олиб кетмоқчи бўлган йигитлар бир гуруҳ кишилар томонидан калтакланди

Ургут туманида содир бўлган ҳолат ҳақида вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Қайд қилинишича, туманнинг "Пастки Қайроқли" маҳалласида яшовчи М.М. «Дамас» русумли автомашинасида ўзининг танишлари билан «Камангарон» маҳалласида яшовчи таниши Т.А. ни яшаш уйидан олиб, «Ургут истироҳат боғи»га айланиш мақсадида жўнаган.

Бу пайтда шу маҳаллада яшовчи бир неча фуқаро уларни кўриб, автомашинасини тўхтатган ва уларни сабабсиз уриб, тан жароҳатлари етказган.

Туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга асосан, воқеа жойига ИИБ ходимлари зудлик билан етиб бориб, фуқароларни тинчлантираётган вақтида, бир гуруҳ фуқаролар ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.